Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.04.2017 16:52 Чоп этиш версияси

Бежирим пойабзаллар

Бежирим пойабзаллар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз саноат салоҳиятини янада юксалтириш, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида жойларда тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар йилдан-йилга ортмоқда. Хусусан, чарм-пойабзал саноати ҳам тобора ривожланаётир.

Халқимизда “Дўст бошга, душман оёққа қарайди”, деган мақол бор. Шу маънода Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган ва Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан изчил давом эттирилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарасида бугун халқимиз дўсту душман олдида мағрур турадиган даражага етгани бор гап. Гап пойабзал ҳақида борар экан, бугун Ўзбекистон бундай маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича ўз мавқеини топгани, сифатли чарм-пойабзал ва бошқа оёқ кийимларни четдан сотиб олишни қисқартириб, ташқи бозорга чиқариш салоҳиятига эга бўлгани ҳар биримизга ифтихор бағишлайди.

Бир замонлар айрим вилоятлардаги бир-икки фабрика, маиший хизмат кўрсатиш уйлари қошидаги “косибхона”ларни демаса, Тошкентда биттагина пойабзал фабрикаси бўларди. Бугун Наманган вилоятининг ўзида саноат ишлаб чиқаришининг бу йўналишида масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Дамбоғ пойабзал савдо”, “Файз пойабзал савдо”, “Дипломат классик савдо” сингари 10 га яқин корхоналар ва 100 дан зиёд хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатаётир. Мазкур корхоналар томонидан импорт ўрнини босувчи, юқори сифатли, хушбичим оёқ кийимлар ишлаб чиқарилаётир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 15 сентябрдаги “2016-2020 йилларда чарм-пойабзал саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Наманган шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Diplomat poyabzal sanoat savdo” масъулияти чекланган жамияти ҳам барқарор ривожланаётган корхоналар сирасига киради. Тадбиркор Аҳмаджон Ҳожимирзаев ташаббуси ва таъсисчилар томонидан шакллантирилган 120 миллион сўмдан зиёд низом жамғармаси билан 2010 йилда ташкил этилган мазкур корхонага бир вақтлар Дамбоғ маҳалласи гузаридаги мўъжазгина хонада, оддий қўл меҳнати билан оёқ кийимларни таъмирлайдиган косибчилик устахонаси асос бўлган, десак хато бўлмайди. У ерда Аҳмаджоннинг укаси Носиржон Ҳожимирзаев ҳусусий тадбиркор мақомида ҳунармандлик қилар эди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш йўлида яратилаётган кенг имконият ва имтиёзлардан руҳланган Носиржон 2008 йилда “Дамбоғ пойабзал савдо” корхонасини ташкил қилган эди. Қисқа вақт мобайнида мазкур корхона сифатли маҳсулотлари билан мамлакатимиз бозорида ўз ўрнини топди. У ерда ишлаб, тажриба орттирган Аҳмаджон ҳам шундай бизнес лойиҳага қўл урди. Қарабсизки, орадан икки йил ўтар-ўтмай, пойабзал тайёрлашга ихтисослашган яна бир кичик бизнес субъекти – “Diplomat poyabzal sanoat savdo” ўз фаолиятини бошлади.

– Юртимизда тадбиркорлик фаолияти учун яратилган кенг имкониятлар ишбилармонлик қобилияти бор киши учун ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришда катта далда бўлмоқда, – дейди А.Ҳожимирзаев. – Буни ўз ҳаётий тажрибамда синаб, қатъий ишонч ҳосил қилдим. Илгари шундай корхона эгаси бўлишимни тасаввур ҳам қилолмасдим.

Корхонада дастлаб 6 киши иш билан таъминланган ва 5-6 турдаги эркаклар туфлилари ишлаб чиқарилган. Ўтган қисқа вақтда тадбиркор цех учун олган эски биносини корхона даромади ҳисобидан замонавий андозада реконструкция қилиш, офис, ишловчилар учун ошхона, қўшимча тикув цехи, омборхона, махсус савдо дўкони қуриш каби кўплаб лойиҳаларни амалга оширди. Россия ва Хитой давлатларидан энг илғор технология ва дастгоҳлар келтирилиб, ишлаб чиқариш модернизациялаштирилди.

Ҳозир корхонада 20 дан зиёд киши муқим иш билан таъминланган. Жамоанинг кўпчилигини касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар ташкил қилади. Корхонадаги устоз-шогирд анъанасига кўра, шу соҳага қизиққан ёшлар мактаб, коллеждаги ўқишдан бўш вақтларида малакали усталардан ҳунар сирларини ўрганиб, хусусий тадбиркорлик йўналишида иш бошламоқда.

“Diplomat poyabzal sanoat savdo”да тайёрланаётган мавсумбоп юқори сифатли, хушбичим пойабзалларнинг тури 60 дан ошиб кетди. Ишлаб чиқариш ҳажми ҳам тобора ўсиб бораётир. Ўтган йилда мазкур корхона томонидан 800 миллион сўмликка яқин маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ички бозорга етказиб берилди.

– Маҳсулотимизни экспортга чиқариш устида изланишлар олиб бормоқдамиз, – дейди А.Ҳожимирзаев. – Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон тадбиркорлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ишлар бошланган. Бу борада маҳсулот сифати муҳим аҳамият касб этишини ҳисобга олиб, тегишли лойиҳаларни амалга ошириш учун “Асака” банкнинг 200 миллион сўм кредит маблағидан айланма маблағ сифатида фойдаланиб келаяпмиз. Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони фаолиятимизни ривожлантириш имкониятини янада кенгайтирмоқда.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
935






Все о погоде - Pogoda.uz