ЎзА Ўзбек

08.11.2018 18:37 Чоп этиш версияси

Беш йил мобайнида аёллар тадбиркорлиги учун 236 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратилган

Тошкент вилоятида кейинги 5 йил мобайнида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган 8 минг 300 нафардан зиёд хотин-қизга тижорат банклари томонидан 236 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратилган.

Жорий йилда иш сўраб мурожаат қилган аёлларнинг қарийб 10 минг нафари иқтисодиётнинг турли тармоқларига ишга жойлаштирилган, 900 дан зиёд хотин-қизга ишсизлик нафақаси тайинланган. 800 нафардан зиёд аёллар касб-ҳунарга ўқитилган бўлса, қарийб 5 минг 600 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган.

Оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, хонадонда қорамол ва паррандачиликни ривожлантириш, иссиқхона ташкил этиш истагини билдирган 1 минг 45 нафар аёлга 55 миллиард 470 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилган.

Ўтган давр мобайнида оилалар турмуш тарзи, муаммоларини ўрганиш мақсадида республика ҳамда вилоят ишчи гуруҳлари томонидан ўтказилган мулоқотлар натижасида 30 минг 869 нафар ногиронлиги бўлган, шу жумладан, ижтимоий аҳволи жуда оғир, уй-жойга муҳтож 1 минг 245 хотин-қизга алоҳида эътибор қаратилган, уларнинг 206 нафарига уй-жой берилган. 1 минг 500 дан зиёд аёлга 1 миллиард 263 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилиб, 1 минг 116 нафари доимий иш билан таъминланган.

Тошкент вилояти хотин-қизлар қўмитасининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференциясида шулар ҳақида маълум қилинди.

Тадбирда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, давлат бошқаруви ва тадбиркорлик соҳасидаги иштирокини кенгайтириш, истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқаришга кўмаклашиш, айниқса, эҳтиёжманд хотин-қизларни уй-жой ва муқим иш билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Анжуманда эришилган натижалар билан бир қаторда, йўл қўйилган камчилик ва муаммолар ҳам таҳлил этилди. Жумладан, жорий йилда хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33 фоизга камайгани ҳолда, вилоятнинг Ўрта Чирчиқ, Чиноз ва Паркент туманларида ошган.

Бу борада хотин-қизлар, айниқса, балоғат ёшидаги ўсмир қизлар билан ишлаш, ушбу йўналишда оила, таълим муассасаси ва маҳалла ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, қизларни оилага тайёрлаш масаласига катта масъулият билан ёндашиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Конференцияда О.Парпибоева вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси этиб қайта сайланди. Шунингдек, вилоят хотин-қизлар қўмитаси бошқаруви аъзолари, назорат-тафтиш комиссияси таркиби, комиссия раиси ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси конференциясига делегатлар сайланди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, Тошкент вилояти ҳокими Ғ.Ибрагимов иштирок этди.



Авазбек Худойқулов, ЎзА
1 306