ЎзА Ўзбек

11.01.2019 18:45 Чоп этиш версияси

Берлинда Ўзбекистон – Германия ишбилармонлари бизнес-форуми ўтказилади

Берлинда Ўзбекистон – Германия ишбилармонлари бизнес-форуми ўтказилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига ташрифи олдидан жорий йилнинг 14 январь куни Берлинда Ўзбекистон – Германия ишбилармонлари иштирокида бизнес-форум, немис компаниялари, банк-молия институтлари иштирокида ҳамкорликка доир икки томонлама музокаралар ташкил этилади.


Тадбир Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Форумда Германия иқтисодиёт ва энергетика федерал вазирлиги, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Германия Савдо-саноат палатаси уюшмаси раҳбарлари ҳамда икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари билан бир қаторда, Германиянинг 250 дан ортиқ етакчи, жумладан, “ThyssenKrupp”, “MAN”, “Knauf”, “Linde”, “Takraf”, “Deutsche Bahn”, “Siemens”, “CLAAS”, “Deutsche Lufthansa” ва бошқа компаниялар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Унда мамлакатларимиз ўртасида инвестициявий, савдо, нефть-кимё ва кимё саноати, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ва туризм соҳаларидаги манфаатли шериклик истиқболлари, шунингдек, ушбу йўналишда қўшма лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинади.

Форум доирасида Ўзбекистон – Германия ишбилармонлари иштирокида “G2B” ва “B2B” форматидаги учрашув ҳамда инвестиция, савдо соҳаларига оид қатор битимлар имзоланиши кутилмоқда.



Зуҳра Мирзабоева, ЎзА