Барчаси аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган
Булунғур географик жиҳатдан қулай жойлашуви, табиати, транспорт коммуникация тармоғидан фойдаланиш имконияти юқорилиги билан Самарқанд вилоятининг бошқа ҳудудларидан фарқ қилади. Боғдорчилик, мева-сабзавот етиштириш ва уни қайта ишлаш соҳасида ҳам туманда бой тажриба тўпланган.
Булунғур географик жиҳатдан қулай жойлашуви, табиати, транспорт коммуникация тармоғидан фойдаланиш имконияти юқорилиги билан Самарқанд вилоятининг бошқа ҳудудларидан фарқ қилади. Боғдорчилик, мева-сабзавот етиштириш ва уни қайта ишлаш соҳасида ҳам туманда бой тажриба тўпланган.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 30 майда қабул қилинган “Самарқанд вилоятининг Булунғур туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
– Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида ҳар бир ҳудуднинг имконият ва шароитларидан келиб чиққан ҳолда дастурлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Булунғур тумани ҳокими Хайриддин Хўжаёров. – Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган ушбу дастур ҳам туманимизни ҳар томонлама ривожлантириш, ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтариш ҳамда халқимиз учун муносиб меҳнат ва турмуш шароити яратишга хизмат қилади. 2016-2018 йилларга мўлжалланган манзилли дастурда туманни комплекс ривожлантиришга оид беш йўналиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Дастур асосида жами 505 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, 4 мингга яқин янги иш ўрни яратилади.
Биринчи йўналиш – озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол товарлари, қурилиш материаллари тайёрлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватларини янгидан барпо этиш, модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан туманда қатор йиллардан бўён ишламасдан, бўш турган саноат корхоналарида ишлаб чиқаришни қайта тиклаш ва йўлга қўйиш назарда тутилган. Ушбу мақсад учун умумий қиймати 57,7 миллион долларлик 69 лойиҳа амалга оширилади.
Хизматлар соҳаси ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган иккинчи йўналиш бўйича 41,3 миллиард сўмлик 116 лойиҳа бажарилиши белгиланган.
Муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал жойлаштириш йўналишида ҳам кенг кўламли ишлар режалаштирилган. Жумладан, туманнинг архитектура қиёфасини ўзгартириш бўйича 2016-2018 йилларда 52,8 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилади. Туман марказидаги истироҳат боғида замонавий аттракционлар ўрнатиш, сунъий кўл барпо этиш, 400 ўринли янги бозор қуриш, “Оқтепа” бозорини реконструкция қилиш, кўп қаватли 3 уй-жой қуриш, кўп қаватли 12 уйни мукаммал таъмирлаш, 24 бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, намунавий лойиҳалар асосида 115 уй қуриш белгиланган.
Йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш мақсадида 118,7 километр узунликдаги йўлда таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Туман йўл қурилиш бўлими моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий транспорт воситалари сотиб олиш учун маблағ ажратилган. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 34 “Исузу” автобуси харид қилинади, туманнинг чекка ҳудудларидан туман ва вилоят марказига олти йўналишда қатнов йўлга қўйилади.
Аҳолининг электр энергияси, табиий газ ва тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида электр тармоқлари линияларида 18,4 миллиард сўмлик таъмирлаш ва янгилаш ишлари олиб борилади. Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш мақсадларига йўналтириладиган 1,8 миллиард сўм маблағ эвазига туманда мобиль ва интернет алоқа тармоқларини яхшилаш, рақамли телевидение қамровини 70 фоиздан 100 фоизга кўпайтириш белгиланган.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришни барқарор ривожлантиришни таъминлаш йўналишида 125,1 миллиард сўмлик тадбирлар амалга оширилади. Бунда 58 замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси, 2 минг 42 бош наслли қорамол, 307 минг бош парранда, 2 минг 500 бош қуён сотиб олиниб, янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилади. 10,8 гектар майдонда балиқчилик, 520 оила асалари хўжалиги, 18 минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш имкониятига эга 3 совуткичли омбор, 2,8 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилади.
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2016-2018 йилларда 8,9 миллиард сўмлик ирригация-мелиорация ишлари бажарилади. “Булунғурдавсувмахсуспудрат” корхонасининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш учун лизинг шартлари асосида 2 экскаватор сотиб олинади ва корхона негизида бетон заводи ишга туширилади.
Ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш йўналишида ижтимоий соҳа объектларининг бугунги ҳолати инобатга олиниб, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 40,1 миллиард сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилган. Бу асосан таълим ва тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш, уларни жиҳозлаш, спорт заллари қурилишига сарфланади. Қирқшоди ва 1-маданият ва аҳоли дам олиш марказларида реконструкция, жиҳозлаш ишлари амалга оширилади.
– Президентимизнинг ҳудудларни ривожлантиришга алоҳида эътибори туфайли ишлаб чиқилган ушбу дастур Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида туманимиз аҳли учун муносиб туҳфа бўлди, – дейди халқ депутатлари Булунғур тумани Кенгаши депутати Абдуалим Азимов. – Дастурда туманимизнинг ҳар бир ҳудуди, барча соҳа ва тармоқлари қамраб олинган. Белгиланган ҳар бир вазифа ва чора-тадбирларни ўз вақтида, сифатли бажаришга барча даражадаги раҳбарлар, бутун туман аҳолиси масъул.
Таъкидлаш лозимки, дастурда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши билан 2019 йилга бориб туман аҳолиси даромадлари 2,5 баробарга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,3, хизмат кўрсатиш соҳаси 2,9, қурилиш-пудрат ишлари 2,2, қишлоқ хўжалиги 2,1 мартага ошиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажми 42 фоизга етказилиши кутилмоқда.