Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.09.2017 17:04 Чоп этиш версияси

Банкларга 5 сентябрдан бугунги кунга қадар фуқаролар томонидан 200 миллионга яқин доллар сотилди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ўтказилган матбуот анжуманида Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Т.Ишметов ва банк масъул ходимлари Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маҳаллий ва хорижий журналистларга маълумот берди.

Мамлакатимизда валюта бозорининг либераллаштирилиши иқтисодиётимиз тараққиётида муҳим аҳамиятли қадам бўлди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган бу янги тартиб миллий экспорт салоҳиятини ошириш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга хизмат қилади.

Маълумки, Президентимизнинг юқоридаги фармонига мувофиқ 2017 йил 5 сентябрдан эътиборан мамлакатимизда чет эл валютасининг эркин савдоси йўлга қўйилди. Таъкидланишича валюта сиёсати билан боғлиқ янги амалиёт ўз ижобий самарасини бермоқда.

Хусусан, 5 сентябрдан бугунги кунга қадар (7 банк иш кунида) фуқароларимиз томонидан 200 миллионга яқин доллар банкларга сотилган, 100 миллион доллардан ортиқ маблағ ташқи иқтисодий фаолият юритадиган ташкилотлар ва тадбиркорларга конвертация қилинган.

Журналистлар импорт маҳсулотлари нархида бўладиган ўзгаришлар билан қизиқди.

Мутахассислар импорт маҳсулотлари нархи ошишига асос йўқлигини қайд этди. Хусусан, шу кунларда тегишли вазирлик ва идоралар, хусусан Давлат божхона қўмитаси томонидан божхона тўловлари ставкасини янада оптималлаштириш ва айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ички нархлари ўсишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда. Бунда Президентимизнинг жорий йил 12 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори дастуриламал бўлмоқда. Ушбу қарорга биноан 15 сентябрдан шакарқамиш, қанд лавлаги ва қаттиқ ҳолатдаги кимёвий жиҳатдан тоза сахароза учун импорт божи бекор қилинди. Бу каби чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

Матбуот анжуманида Президентимизнинг «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан тадбиркорларга яратилган қулайликлар ҳақида сўз борди. Унга кўра, юридик шахс ташкил этмасдан фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам истеъмол товарлари импорти учун чет эл валютасини ўрнатилган тартибда сотиб олишга рухсат берилди. Авваллари маҳсулотини экспорт қилувчи тадбиркорларга ўз ҳисобига келиб тушган чет эл валютасининг маълум фоизини мажбурий сотиш талаби қўйилган эди. Эндиликда бу талаб бекор қилинди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда валюта сиёсатига доир амалдаги чора-тадбирлар ижобий самара бермоқда. Бу жиҳатлар миллий валютамизнинг барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий маҳсулотлар экспорт ҳажмининг янада ошиб бориши, экспортчи корхоналар сафи кенгайиши, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда, хорижий инвесторларнинг сармоя киритишга ишончини мустаҳкамламоқда.

Улуғбек Асроров, ЎзА
2 098






Все о погоде - Pogoda.uz