Банкларда аҳоли билан ишлайдиган бўлимлар ташкил этилмоқда
Аҳолини бошланғич сармоя билан таъминлаш, бизнес ғоя ҳамда уни режалаштириш бўйича билим ва кўникмасини ошириш кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг муҳим омили ҳисобланади.
Аҳолини бошланғич сармоя билан таъминлаш, бизнес ғоя ҳамда уни режалаштириш бўйича билим ва кўникмасини ошириш кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг муҳим омили ҳисобланади. Ушбу йўналишлар мамлакатимиз тижорат банкларида ташкил этилган аҳоли билан ишлаш бўлимларининг устувор вазифалари этиб белгиланган.«Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида бу алоҳида қайд этилди.
Мазкур йўналишда банкнинг барча филиалларида аҳоли билан иш олиб борадиган 44 бўлим ташкил этилиб, уларга 170 нафар малакали ходим ишга олинган.
Банк томонидан кредит ажратиш шартлари ва намунавий бизнес лойиҳаларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш учун оммавий ахборот воситаларида реклама роликлари намойиш этилмоқда. Маслаҳат марказлари, маҳаллаларда тарғибот стендлари ташкил этилган. Банк ходимлари 440 минг хонадонда бўлиб, ушбу оилалар аъзоларининг тадбиркорлик фаолиятига қизиқиши ва имкониятларини ўрганган. 362 маҳаллада семинарлар ўтказилган.
37 минг 327 хонадон тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган. 15 минг 334 хонадонга 105 миллиард сўмлик имтиёзли микрокредитлар ажратилган. Натижада 18 минг 322 иш ўрни яратилган.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 17 мартдаги «Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Эндиликда янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларига фаолиятини амалга ошириш учун олинган товарларни гаров сифатида ҳисобга олган ҳолда энг кам иш ҳақининг 20 баробаригача ёки маҳалла фуқаролар йиғини кафиллиги асосида энг кам иш ҳақининг 60 баробаригача миқдорда микрокредитлар ажратилади.
Янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектлари мазкур микрокредитларни расмийлаштиргандан сўнг 6 ой муддатга қатъий белгиланган солиқ тўловларидан озод этилади.
Жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, хўжалик бирлашмаларига тижорат банклари кредити ҳисобидан сотиб олинадиган қорамол, қўй-эчки, қуён, парранда, балиқ, асалари уяси, мевали дарахт ва ток кўчатлари, уруғ, минерал ўғит, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, маиший техника, қурилиш материаллари ва бошқа товарларни ҳеч қандай чекловларсиз нақд пулсиз ҳисоб-китоб йўли билан етказиб беришни ташкил этишга кўмаклашиш вазифаси топширилди. Бир ой муддатда ҳудуддаги жорий ҳолатни танқидий таҳлил қилиш асосида қишлоқ хўжалиги товарлари, маиший техника, қурилиш материаллари ва бошқа турдаги маҳсулотлар етказиб беришга ихтисослаштирилган хўжалик субъектлари ташкил этилади.
Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.