ЎзА Ўзбек

28.07.2018 16:29 Чоп этиш версияси

Банк тизимида тартиб-интизомнинг сусайиши салбий оқибатларга олиб келади

Банк тизимида тартиб-интизомнинг сусайиши салбий оқибатларга олиб келади Пойтахтимиздаги “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат банкида Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Марказий банк ва Республика маънавият тарғибот маркази вакиллари иштирокида “Банк тизимида меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, коррупциянинг олдини олиш" мавзусида семинар ташкил этилди.

Видеоконференц-алоқа тарзида ўтказилган семинарни “Ипотека-банк”нинг барча филиаллари ходимлари кузатиб борди.

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 3 январь куни имзоланган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун давлат идораларига нисбатан фуқаролар ва тадбиркорларнинг ишончини мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, коррупция тусидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш, ваколатли идоралар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва аҳолининг мазкур соҳадаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Семинарда банк тизимида тартиб ва интизом сусайиши оқибатида ходим онгини тамаъгирлик, порахўрлик ва коррупциянинг бошқа қўринишдаги ёвуз иллатлари тўғрисидаги фикрлар эгаллаши, бу эса тизимга путур етказиш билан бирга, ходимнинг ўзи ва оиласи учун ҳам жиддий салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлиги қайд этилди.

– Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид солаётган асосий хавф. У ижтимоий барқарорликка ҳам таъсир кўрсатади. Ёш ходимларнинг Ватанга, касбга садоқатини оширишга йўналтирилган бугунги семинар уларни тамаъгирлик ва порахўрлик каби иллатлардан йироқ бўлишга ундади, десам, хато бўлмайди, – дейди банкнинг юридик бошқармаси бош мутахассиси Акбарали Ишанқулов.

Семинарда “Банк соҳасида коррупциянинг келиб чиқиши ва унга қарши курашиш” мавзусидаги видеоролик намойиш этилди.



Д.Суннатов, ЎзА
5 140