ЎзА Ўзбек

19.10.2012 14:34 Чоп этиш версияси

Банк кредитлари – тадбиркорларга

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, хусусан, янги иш бошлаган кичик бизнес вакилларига имтиёзли банк кредитлари ажратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Андижон вилоятида ҳам ушбу мақсадда ажратилаётган кредитлар ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 272 миллиард сўмдан ортиқ кредитлар берилган.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, аҳолига намунали банк хизматлари кўрсатишда “Микрокредитбанк”нинг вилоят филиали ва унинг бўлинмалари томонидан олиб борилаётган ишлар эътиборга лойиқ.

– Кичик бизнес билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун қатор имкониятлар яратилмоқда, – дейди “Микрокредитбанк” Андижон вилояти филиали бошлиғи Дилшодбек Убайдуллаев. – Президентимизнинг жорий йил июль ойида қабул қилинган “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари мазкур йўналишдаги ишлар кўлами ва сифатини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Дарҳақиқат, 2011 йилда банк томонидан юридик ва жисмоний шахсларга 24 миллиард 321 миллион сўмлик кредит маблағлари берилган бўлса, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида бу кўрсаткич 24 миллиард 290 миллион сўмни ташкил этди. Хусусан, барча манбалар ҳисобидан кичик бизнес субъектлари ва оилавий бизнес билан шуғулланаётган фуқароларга 3 миллиард 643 миллион сўм миқдорида банк кредитлари ажратилди.

Банк кредитлари тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратмоқда. Бу маблағларнинг асосий қисми янги технологиялар харид қилиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш турларини кенгайтиришга йўналтирилаётир. Натижада жорий йилнинг тўққиз ойи давомида вилоятда 9350 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди.
– “Микрокредитбанк”нинг туман бўлимидан 100 миллион сўм кредит олиб, хориждан ғишт ишлаб чиқариш бўйича замонавий технология харид қилдик, – дейди Андижон туманидаги “And al Matin” масъулияти чекланган жамияти директори Шарофиддин Абдурасулов. – Янги линия ишга туширилгач, корхонамизда йилига 300 минг дона пишиқ ғишт ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, қўшимча 30 та янги иш ўрни очилди.

Аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз бизнесини ташкил этишига кўмаклашиш мақсадида вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси билан ҳамкорликда коллежларда “Тадбиркорлик – сенинг келажагинг”, “Банк – тадбиркорга мададкор” каби мавзуларда семинарлар ўтказилмоқда, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Банк томонидан жорий йилда тадбиркорлик билан шуғулланишга қарор қилган 594 нафар коллеж битирувчисига 1 миллиард 829 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. Натижада 1314 янги иш ўрни ташкил этилди.

– Тикувчилик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида банкдан 6 миллион сўмликдан зиёд имтиёзли кредит олдим, – дейди Асака шаҳар маиший хизмат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Ёдгорой Ғанижонова. – Ушбу маблағ ҳисобидан тикув цехимизни кенгайтирдик, янги тикув машиналари сотиб олдик. Натижада 6 нафар тенгдошим тикувчилик билан шуғулланиш имкониятига эга бўлди.

Банк филиали томонидан “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш, айниқса, оилавий бизнесни йўлга қўйиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Йилнинг ўтган даври мобайнида ёш оилалар учун бир миллиард 595 миллион сўм миқдорида истеъмол кредитлари ажратилди. Бундай чора-тадбирлар ёш оилалар даромадини ошириш турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.


ЎзА, Ф.Убайдуллаев
23 479