ЎзА Ўзбек

14.03.2019 17:24 Чоп этиш версияси

Банк кўмагида балиқчилик ривожланмоқда

Банк кўмагида балиқчилик ривожланмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил 19-20 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида балиқ етиштириш ҳажмини йилига 12 минг тоннага етказиш, соҳани янада ривожлантириш ҳамда мазкур йўналишда фаолият юритиш истагидаги тадбиркорлар учун банк кредитлари ажратиш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

Мазкур топшириқлар ижроси доирасида вилоятда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банки Андижон вилоят филиали ҳам бу борада ташаббус кўрсатмоқда.

Банк томонидан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳамда ўз хонадонида балиқ етиштириш истаги бўлганларни аниқлаш чоралари кўрилди. Балиқчиликни ривожлантириш бўйича 150 миллиард сўм миқдоридаги банк кредити ажратиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди.

d511eec8-20c2-473e-8f9d-a34a14c611f5.jpg

Интенсив усулда балиқ етиштирувчи тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли хонадонларига балиқчилик учун зарур жиҳозлар, кичик ҳажмдаги пластик бассейнлар етказиб бериш, тадбиркорлар билан ҳамкорликда балиқ чавоқлари, балиқлар учун омихта ем ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш корхоналарини ташкил этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.

– Балиқчиликни ривожлантириш учун тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳолига банкимиз томонидан 47,9 миллиард сўм, бошқа банклар томонидан 2,4 миллиард сўм кредит ажратилди, – дейди “Ипотека-банк” АТИБ Андижон вилояти филиали раҳбари Баҳодиржон Қорабоев. – Натижада ўтган йили вилоятда жами 12 минг тонна балиқ етиштирилиб, истеъмолчиларга етказиб берилди.

950d16ae-2c6a-4698-aa4c-0652fba324af.jpg

Сазан, оқ амур, оқ дўнг пешона, Африка лаққаси, форель, осётр, лосось, маҳаллий лаққа, судак, илонбош каби етиштирилган балиқларнинг 7 минг 660 тоннаси балиқчилик хўжаликларининг сунъий сув ҳавзаларида, 425 тоннаси шоли экилган майдонларда, 1 минг 515 тоннаси интенсив усулдаги кичик сув ҳавзаларида, 300 тоннаси ёпиқ сув ҳавзаларида, 2 минг 100 тоннаси аҳоли хонадонларида етиштирилди.

Избоскан туманидаги “Supper modul” масъулияти чекланган жамияти томонидан балиқ чавоқлари ҳамда балиқлар учун омихта ем ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

– Хўжалигимизда интенсив усулда балиқ етиштириш йўлга қўйилган, – дейди Избоскан туманидаги “Super modul” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Маҳмудхон Умархўжаев. – Ўтган 2018 йилда 650 тонна балиқ етиштирдик. Шундан 500 тоннаси интенсив усулда, 150 тоннаси эса ёпиқ сув ҳавзаларида етиштирилди. Айни пайтда сув ҳавзаларимизда юртимизнинг иссиқ иқлимига чидамли, тез етиладиган, гўшти ҳам мазали бўлган Африка лаққа балиғи парваришланмоқда. Махсус инкубациямизда эса ушбу балиқнинг чавоқлари етиштирилиб, балиқчилик фермер хўжаликларига, балиқ боқиш истагидаги аҳолига етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, 150 минг АҚШ долларига Хитой давлатидан бир кеча кундузда 14 турдаги 5 тонна балиқ озуқаси ишлаб чиқариш қувватига эга махсус ускуна олиб келиб, ишга туширдик.

d4c32de6-fe13-4a73-a6d0-419a0f63940f.jpg

Банк томонидан “Интенсив усулда балиқ етиштириш ва экотуризимни ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш учун Андижон шаҳридаги “Valley Fish” масъулияти чекланган жамиятига 80 миллиард сўм, интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўйиш учун Марҳамат туманидаги “Buyk maskan” масъулияти чекланган жамиятига 42 миллиард сўм миқдорида босқичма-босқич кредит ажратилиши режалаштирилган бўлиб, 2018 йилда уларга 27,5 миллиард сўм кредит ажратилди. Ушбу хўжаликларда белгиланган ишлар режа асосида олиб борилмоқда.

Шунингдек, “Андижонбалиқсаноат” масъулияти чекланган жамиятига интенсив ва УЗВ усулларида йилига минг тонна балиқ етиштириш лойиҳасини амалга ошириш учун 14 миллиард сўм, “Мохизар-Зилола” оилавий корхонасига 24 та сунъий ёпиқ сув ҳавзасида 250 тонна балиқ етиштириш лойиҳаси учун 500 миллион сўм кредит ажратилган бўлиб, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ҳар иккала лойиҳа жорий йилнинг октябрь, декабрь ойларида тўла қувват билан ишга туширилади.

7fd1ce83-3a4a-4a11-8b4b-ffd36518f4e5.jpg

Банк кредитлари ҳисобига “Андижонбалиқсаноат”, “Super modul”, “Андижонбалиқ”, “Valle fish” масъулияти чекланган жамиятларида кластер усулида балиқ етиштириш ишлари йўлга қўйилган. Жорий йилда ҳам балиқчилик соҳасини ривожлантириш бўйича белгиланган ишлар давом эттирилмоқда. Ай
ни кунга қадар балиқ етиштириш йўналиши бўйича 1,2 миллиард сўм кредит ажратилди.

Бир сўз билан айтганда, “Ипотека-банк” кредитлари вилоятда балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга, аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган талабини қондиришга хизмат қилмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
3 270