БАА фуқароси Навоийда қўшма корхона барпо этмоқда
Навоий вилоятидаги қўшма корхоналар сони 2018 йилнинг охирида 102 тага етди.
Навоий вилоятидаги қўшма корхоналар сони 2018 йилнинг охирида 102 тага етди. Мазкур субъектлар бугунги кунда вилоят солиқ идоралари масъул ходимлари томонидан тизимда юз бераётган янгиликлар, хусусан, инвесторларга яратилаётган қулайликлар билан таништирилиб борилмоқда.
Жорий йилдан эътиборан солиқларнинг 19 турдан 15 турга камайиши, солиқ ставкаларининг пасайтирилиши мамлакатимиз иқтисодиётини узоқ муддатли ривожлантиришга замин бўлиши билан бир қаторда инвестиция корхоналарининг самарали фаолиятини ҳам таъминлайди.
– Вилоятда хорижий инвеститциялар иштирокидаги хорижий корхоналар сони кўпаяётгани қувонарлидир, – дейди Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Н.Жуманазаров. – Яқинда уларнинг сони яна биттага ортади. Аниқроғи, “SHINY ENTERPRISES LLC” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхона иш бошлайди. Бирлашган Араб Амирлиги фуқароси томонидан 35 миллион доллар қийматидаги инвестиция эвазига ташкил этилаётган мазкур субъект минерал ўғитлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Янги корхона мутасаддилари билан учрашиб, уларга мамлакатимизнинг солиқ сиёсати ва солиқ тизими тўғрисида батафсилроқ маълумотлар бердик.
Бу каби тушунтириш-тарғибот тадбирларида мамлакатимизда жорий йил солиқ тизимидаги ўзгаришлар ҳақида атрофлича маълумот берилмоқда. Албатта, тизимдаги мазкур соддалаштирилаётган тартиблар юртимиздаги хорижий компаниялар сони янада кўпайишига замин яратади.