Нукусда ёш мутахассислар ишга йўлланма олди
Нукусда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳаси мутахассислари учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди.
Нукусда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳаси мутахассислари учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди.Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ва олий таълим муассасалари ҳамкорлигида ўтказилган ярмаркада ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида фаолият юритувчи 38 корхона, ташкилот ва муассасадаги 105 бўш иш ўрни таклиф этилди. Шунингдек, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизмат намуналари намойиш этилди.
Ярмаркада Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиалини шу йил битираётган 127 талабанинг 32 нафарига иш жойига йўлланма берилди.
– Бугунги тадбирда мутахассислигим бўйича ишга жойлашиш учун шартнома имзоладим, – дейди Муборак Қувватова. – Университетни тугатгач, Амударё туманидаги ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида дастурчи бўлиб ишлайдиган бўлдим.
Меҳнат ярмаркаси иштирокчиларининг 12 нафари тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирди ва тижорат банкларига имтиёзли кредит олиш учун тегишли ҳужжатларни топширди.
Ярмарка давомида Нукус шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази томонидан Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини иш билан таьминлаш тўғрисида"ги қонунига мувофиқ меҳнат бозорига янгидан кириб келаётган ёш битирувчи ва ишсиз фуқароларни ўзларига мақбул бўлган иш билан таъминлаш, касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича хизматлар кўрсатилди.
Тижорат банклари ва солиқ идоралари ходимлари тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшларга микрокредит олиш ва солиқ имтиёзларидан фойдаланиш юзасидан атрофлича тушунча берди.