ЎзА Ўзбек

06.07.2020 Чоп этиш версияси

Қайтим ўрнига сақич ёки гугурт олмаслик керак...

Қайтим ўрнига сақич ёки гугурт олмаслик керак...

Фарғона шаҳар деҳқон бозорига рўзғор учун харажат қилгани тушдим. Автомашиналарни турар жойидан чиқарканман назоратчига 2 минг сўм узатдим. Жой ҳақи 1 минг 500 сўм экан. Қайтимига бир дона гугурт берди. Нима дейишимни билмай қолдим. Шундай вазиятга кунора дуч келамиз.

Савдо ва овқатланиш мажмуаларида ҳам ҳолат шундай. Улар доимо майда пулларнинг йўқлигини баҳона қилиб, қайтим ўрнига сақич, қанд ёки гугурт беришни «урф»га киритган. Шунингдек, дорихоналарда қайтимига арзон дорини таклиф қилишади. Албатта, бу кўпроқ нақд пул билан боғлиқ.

Мазкур мавзу ижтимоий тармоқда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган. Афсуски, улар фақат шу билан чекланиб қоляпти холос. Бировларнинг ҳақига хиёнат қилишнинг бундай «кўриниши» эса давом этмоқда.

Бу борада юртдошларимизнинг фикри қандай?

Комила Исроилова: – Шундай ҳолатлар ҳар куни кузатилади. Айниқса, таксида кўп бўлади. Масалан, 4 минг 600 сўм хизмат ҳақи бўлса, ҳайдовчи қайтимни ўйламайди. «Раҳмат» деб тушиб кетаверамиз. Аммо талаб қилганимизда қайтим беришади. Менимча, миллий валютамизда майда пуллар кам бўлса керак.

Шаҳноза Аҳророва: Рости, қайтим сўрагани хижолат бўламан. Сўраган пайтимизда топиб беришолмайдида.

Расулжон Камолов: – Кейинги пайтда сотувчилар пластик карточка орқали савдо қилганингизда ҳам шундай қилишяпти. Масалан, 9 минг 720 сўмлик харид қилсак, тўғрилаб 10 минг сўм ечим олишади. Қайтимига сақич ёки конфет беради. Кўпроқ айб ўзимизда. Ҳуқуқимизни яхши билмаймиз.

Қайтим масаласида мутасадди идораларнинг ходимлари нима дейди?

– «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасида истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товарларни эркин сотиб олиш ҳуқуқига эгалиги, бу шартномага кўра сотувчи истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига олиши кўрсатиб ўтилган, –дейди Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси раис ўринбосари Ғайрат Маматқулов. – Айтайлик, биз савдо дўконидан 6000 сўмга 1 кило шакар, 12 минг 500 сўмга бир литр ўсимлик ёғини сотиб олиш ниятида танладик ва дўкон кассасига келтирдик. Бунда биз томонимиздан эркин танлов асосида муайян миқдор танланди. Кассирга 19000 сўм пул бердик. Шунда у назорат касса машинасига 18500 сўм кирим қилиб, бизга 500 сўм қайтимни касса ёки товар чеки билан биргаликда бериши шарт. Лекин кўпинча сотувчилар шундай ҳолларда 500 сўм қайтимни бериш ўрнига бизга арзонроқ товарлар сақич, гугурт, конфет, дорихоналарда қандайдир таблеткаларни тиқиштирмоқчи бўлади. Амалдаги қонуннинг 21-моддасида сотувчи истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга қисташга ҳақли эмаслиги белгилаб қўйилган. Демак, юқоридаги ҳолатда сотувчи бизни қўшимча товарлар сотиб олишга қистаб, қонуннинг мазкур моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик (500 сўмга қўшимча товар сотиб олишга қисташ)ни содир этмоқда.

Кундалик турмуш жараёнида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида шошиб турганлигимизни рўкач қилиб сотувчи, хизмат кўрсатувчиларнинг юқоридаги хурмача қилиқларига эътибор ҳам қаратмаймиз. Лекин бу ерда яна бир ҳолатни эсдан чиқармаслик керак. Айтайлик ўша доналаб қайтимга берилаётган сақич, конфетнинг, яна ҳам хавфлироғи дорихонадаги қайтим учун деб қўлимизга тутқазилаётган таблетканинг яроқлилик (сақлаш) муддати ўтган бўлсачи?

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, юқоридаги ҳолатлар товарлар учун нақд пулда тўланганда келиб чиқмоқда, тўлов учун банк пластик карточкаларидан фойдаланишда эса бундай муаммо чиқмайди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки аҳолига қўшма мурожаат билан чиқиб, қайтим масаласида муаммо бўлмаслигини таъкидлаган. Аммо шундай бўлсада, ҳанузгача сотувчилар майда пуллар йўқлигини баҳона қилиб, қайтимга турли буюмларни бериши давом этмоқда. Фарғона вилоятида истеъмолчилар томонидан масъул органларга қайтим масаласида деярли мурожаат бўлмаганлиги маълум бўлди. Хўш, шундай ҳолатда нега жиммиз, сизнинг бу борада фикрингиз қандай?

7 932
М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА