ЎзА Ўзбек

19.06.2018 18:13 Чоп этиш версияси

Айни пайтгача Чиноз туманида қарийб 3 минг 300 тонналик ғалла хирмони бунёд этилди

Тошкент вилояти Чиноз тумани ғаллакорлари жорий йилда 7 минг 800 гектарда буғдойнинг "Зомин", "Грация", "Гуром", "Бригада" каби маҳаллий иқлимга мос, серҳосил навларини парваришлаб, мўл ҳосил етиштирди.

Айни пайтда туманда ўрим-йиғим мавсуми қизғин паллага кирди. Ҳосилни йиғиб олишга жалб этилган 19 комбайн томонидан кунига ўртача 650 тонна сара дон йиғиб олиниб, давлат омборларига етказиб берилмоқда.

– Асосий вазифа, етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш, – дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Р.Норбўтаев. – Бу борада отряд усули, яъни барча хизматларнинг дала бошида ташкил этилгани қўл келмоқда. Айни пайтгача қарийб 3 минг 300 тонналик ғалла хирмони бунёд этилди. Ҳали далаларимизда ҳосил мўл. Энди 265 фермер хўжалигининг 926 гектар майдонида ўрим-йиғим ишлари якунига етди. 

Жорий йилда кузатилган мураккаб об-ҳаво шароитига қарамасдан, туманнинг аксарият фермер хўжаликлари шартнома режасини ортиғи билан бажараётир. "Пўлатов Маҳмуд" фермер хўжалиги ана шулардан бири.

– Деҳқон учун осон йилнинг ўзи бўлмайди, деган гап ҳақ, – дейди фермер хўжалиги раҳбари О.Пўлатова. – Аммо, бу йилги мавсум ҳақиқатдан ҳам оғир келди. Шунга қарамай, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажарганимиз, ғаллани шарбат усулида суғорганимиз яхши натижа берди. Хусусан, 39 гектардан давлатга 86 тонна ўрнига 96 тонна дон топширдик.

Аваз Худойқулов, ЎзА
6 509