ЎзА Ўзбек

21.08.2015 17:22 Чоп этиш версияси

Аёллари ардоқланган юрт

Мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг қобилият ва имкониятларини руёбга чиқариш, уларни тадбиркорликка жалб этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Кейинги ўн йилда кичик бизнес субъектларига раҳбарлик қилаётган хотин-кизлар улуши 1,6 баробар ошиб, жами тадбиркорларнинг 35 фоизини аёллар ташкил этмоқда.

Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси томонидан “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган “Аёллари ардоқланган юрт” мавзусидаги давра суҳбатида бу алоҳида таъкидланди.

Тадбирда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, тадбиркорлар, фермерлар, ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, уларни сиёсий жараёнларга кенг жалб этиш орқали фидойилик, олижаноблик, яратувчанлик фазилатларини кучайтириш, сиёсий партияларнинг «Аёллар қаноти» фаолиятини янада жонлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида партиянинг ташаббускор аёллари маҳаллалар, чекка қишлоқлардаги хотин-қизларга ёрдам бериш орқали уларни ижтимоий-сиёсий жараёнларга кенгроқ жалб этишга кўмаклашмоқда. Ишбилармон аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган қатор лойиҳалар аёллар тадбиркорлигини йўлга қўйишда қўл келмоқда.

ЎзЛиДеП томонидан амалга ошириб келинаётган “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳаси улардан бири. Мазкур лойиҳа доирасида жорий йилнинг ўтган даврида 210 нафар аёлга 6 миллиард сўмдан зиёд банк кредити ажратилди. Натижада 600 янги иш ўрни яратилди.

Давлатимиз раҳбарининг она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қатор қарорлари мазкур йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтиришда дастуриламал бўлмоқда.

Партиянинг “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳасида хотин-қизларнинг саломатлигини асраш масалаларига эътибор қаратилмоқда.

– Ўзбек аёлининг қалбига қулоқ тутсангиз, ҳаётидан беҳад мамнун эканлигини эшитасиз, – дейди Янгийўл туманидаги “Неъматжон олмалари” фермер хўжалиги раҳбари Раъно Бобоева. – Ўзимдан қиёс: уч йил олдин тендерда иштирок этиб, етти гектар ерда интенсив боғ барпо этдик. Қизим компьютер, келиним миллий либослар тўгараги ташкил этган. Эришган ютуқларимизнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг тадбиркор ва фермерларга яратиб бераётган имтиёзлари ва истиқлол шарофатидандир.

Тадбирда Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб жойларда олиб борилаётган тарғибот ишларида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, оила ва жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли юмушларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кўпроқ етказиш зарурлиги қайд этилди.

Сайёра Шоева, ЎзА
6 974