Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.03.2017 16:00 Чоп этиш версияси

Аёл ва гул: гўзаллик ва нафосат рамзи

Аёл ва гул: гўзаллик ва нафосат рамзи Гул ва аёл. Бу тушунчалар мазмунан бир-бирига ўхшаш ва уйғундир. Аёл – нафислик ва гўзаллик рамзи, гул – ободлик ва фаровонлик белгиси.

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрамида гулгун чеҳрасидан нур ёғилиб турган аёлларимизга совға қилинадиган энг яхши туҳфа – гул, деб ҳисоблайди янгийўллик боғбон Алишер ака.

Тошкент вилояти Янгийўл тумани Навбаҳор қишлоғида яшовчи Алишер Дўлтабоев хонадони гулчилар оиласи сифатида машҳур. Юртимиз ва хориж мамлакатларида ўсадиган энг ноёб гул турларини шу ердан топасиз.

– Вой-бў, гулларингизни кўплигини, мунча чиройли, – дея ҳаяжонимни яширолмадим.

– Ота-она фарзандини қанчалик суйиб парваришласа, мен ҳам гулларимга бор меҳримни бағишлайман, – деди Алишер ака ва бизни иссиқхона томон бошлади.

Гулхонага кирарканмиз, унинг муаттар ифори димоққа урилади. Гўзалликдан ҳайратга тушасиз. Атрофга назар ташлаб, бир дона гулнинг илдиз отиб, авж олиши учун қанча машаққатли меҳнат талаб этишини ҳис қиласиз. Алишер ака гулларни оралаб, оҳиста юрар экан, уларнинг ҳар бирига эринмай таъриф беради. Беихтиёр яшил майдон жозибасига мафтун бўлиб, серқуёш заминимизнинг бебаҳо саховати, мўъжизакор қудратига таҳсин ўқийсиз. Гул бор жойда озодалик, илиқлик, меҳр-оқибат, қувончу шодлик, барака ҳукм суради. Уни етиштириш ҳадисини олган Алишер ака одамлар қалбига қувонч улашиш билан бирга, рўзғорини ҳам обод этмоқда.

– Инсон қандай касб билан шуғулланмасин, унга меҳр бермаса, шу ишни севмаса, ҳеч қандай муваффақиятга эриша олмайди, – дейди тадбиркор. – Кўпчилик гулчилик билан шуғулланасизми, деб таажжубланиб сўрайди. Ҳа, нима қилибди? Гуллар билан тиллашаман, ҳар куни эрталаб улар билан саломлашаман, бу соҳанинг сир-асрорларини яхши биламан. Гул ҳам меҳримни, ширин сўзимни ҳис қилиб, яшнаётгандек туюлади. Гулхонага кирсам, барча ташвишларим унут бўлиб, бир зумда қалбим равшан тортади, чарчоқларим ёзилади. Энг муҳими, биз етиштираётган гуллар минглаб хонадонларга хурсандчилик олиб кирмоқда, байрамларда аёлларимизнинг гулдек нозик кўнглини тоғдай кўтармоқда. Озми-кўпми, гўзалликка ҳисса қўшаётганимдан бахтиёрман.

Суҳбатимиз қизиган чоғда қўшни маҳаллада яшовчи Сайёра кириб келди. У “Вашингтон пальмаси”нинг сал “мазаси” бўлмаётгани учун устози Алишер акадан маслаҳат олгани келибди.

– Янгийўллик ҳеч бир гулчи йўқки, Алишер аканинг гул парваришлаш бўйича илмини олмаган бўлса, – дейди Сайёра Бобоева. – Бемор оғриб қолса, шифокорга мурожаат қилганидек, гулларимизнинг “мазаси” бўлмаса, дарров Алишер аканикига “югурамиз”. Бу кишини қишлоғимизда “гул дўхтири”, дейишади. Мен маҳалладаги мактабда бошланғич синфларга сабоқ бериш билан бирга бўш вақтимда гулчилик билан шуғулланаман. Ноёб гул турларини кўпайтириш жону дилим. Ҳовлимизда гул кўчатларини етиштириш баробарида ўзим фаолият юритаётган мактаб, синфни ҳам гулхонага айлантирганман.

Ишни 2 сотихлик иссиқхонага ноёб гул турларини экишдан бошлаган тадбиркор Алишер аканинг ҳозирги кунда 20 сотихлик гулхонаси бор. Бу ерда 50 дан зиёд тропик гул навларини учратиш мумкин. Улар орасида Голландия ва Хитойдан келтирилган ноёб навлар ҳам бор.

Алишер Дўлтабоев ўз ишини фарзандига, аграр соҳада таҳсил олаётган Илҳомжонга астойдил ўргатмоқда. Ёруғлик етишмаслиги, ҳавонинг ўта юқори ҳароратлилиги ва етарлича суғорилмаслиги гулнинг пастки барглари қуриши ва тўкилишига олиб келади. Уларнинг тез сўлиб қолиши ўсимликнинг ўғитга муҳтожлиги, қуёш нури, хона ҳавосида намлик етишмаётгани, ҳаддан ортиқ иссиқ ҳарорат туфайлидир. Гул барглари учининг сарғайиши кальций етишмаслиги, етарлича суғормаслик оқибатида келиб чиқади. Баргларнинг буришиб қолиши ўсимликнинг ҳаддан ортиқ совуқда қолиб кетганини билдиради.

– Бу митти тувакчаларда экилган гуллар “Анюта кўзчалари”, олимлар тилида “Виола” ҳам деб аталади, – дейди Алишер ака гулхонанинг бир қисмида ўсаётган гулларни кўрсатиб. – “Вашингтон пальмаси” энг севимли гулим, лекин жуда таъби нозик, инжиққина гул, булар эса “Хитой атиргуллари”, “Москва пеларгонияси”, гиацинт, маргаритка... Мана бу чиройли геранларга қаранг, унинг навлари жуда кўп, билсангиз, бу гуллардан айримларининг ёғидан қимматбаҳо атир ишлаб чиқарилади. Бегонияни айтмайсизми, унинг янги навини яратдик, жуда серҳосил экан. Алоэнику гапирмасам ҳам бўлади, уни яхши биласиз 10-15 тури бор...

Гуллар нафақат чирой берувчи восита, балки шифобахшлик хусусиятига ҳам эга. Доривор гуллар даволаш ёки профилактика мақсадларида тиббиётда, косметология ва ветеринарияда қўлланилади. Масалан, алоэ – маданий доривор ўсимлик. Баргларидан йирингли яраларни, терининг яллиғланган жойларини даволайдиган шира олинади. Ундан ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яралари, ўпка сили ва бошқаларни даволашда ҳам фойдаланиш мумкин. Марваридгулнинг барг ва гулларидан тайёрланган экстракт билан юрак касалликлари даволанади. Мойчечак гулбаргларидан тайёрланган настойка шамоллашга қарши антисептик, ичаклар спазмасида оғриқ қолдирувчи восита сифатида ишлатилади. Атиргул гулбарглари билан шакардан гулқанд тайёрланади. Жасмин, атиргул, лола гулларининг витаминга бой қисмлари косметологияда кенг қўлланилади.

Гулчилик – санъат, шу билан бирга, даромад манбаи ҳам. Алишер ака гул дўкони очиш учун бизнес-режа тузиб, банкдан кредит олмоқчи. Алоҳида дўкони бўлса, гулга ихлоси баланд уч-тўрт коллеж битирувчисини ҳам иш билан таъминлайди.

Ҳаётининг мазмунини гул етиштириш, гўзаллик яратиш, инсонларга эзгулик улашиш деб билган Алишер Дўлтабоев каби гўзалликка ошно инсонлар меҳнати, фидокорлиги билан юртимиз янада обод ва кўркам бўлиб бораверади.

Азима Қиёсова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
3 485






Все о погоде - Pogoda.uz