ЎзА Ўзбек

21.01.2019 Чоп этиш версияси

Сувни мамлакат бош вазири бошқаради

Сувни мамлакат бош вазири бошқаради

Айни вақтда хорижда яшаётган юртдошларимизнинг кўпчилиги мамлакатимиздаги ташкилот ва уюшмаларга ишга таклиф этилмоқда. Австралия фуқароси Майкл Давидов Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг фахрий маслаҳатчиси лавозимида яқинда иш бошлади.

Биламизки, Австралия – ернинг энг қақраган қитъаси, унинг тўртдан уч қисмида намлик етарли эмас. Иссиқ тропик қуёш сабабли қитъада кенг саҳролар пайдо бўлган. Шундай бўлса-да, бу мамлакат қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришда яхши ютуқларга эришмоқда. Ҳозирда Австралия агросаноат комплекси секторидаги пул айланмаси 60 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда. Келажакда бу айланмани 100 миллиард долларга чиқариш режалаштирилган.

Австралиянинг қишлоқ хўжалиги борасидаги тажрибаси ва уларнинг Ўзбекистон шароитида татбиқ этиш самаралари билан боғлиқ бир қатор саволларга Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг фахрий маслаҳатчиси Майкл Давидов ўз мулоҳазаларини билдирди.

– Австралия маркази ва унга яқинлашган чўлларда ўртача кундузги ҳаво ҳарорати 35-36 даража ва баъзи кунларда + 40 дан юқори бўлади, – дейди Майкл Давидов. – Қишда бу ерда кундузги ҳарорат деярли икки баробар паст + 20 даража, Буюк Виктория чўлида +10 даражагача бўлади. Ёғингарчилик камдан-кам ҳолда юз беради. Мамлакатнинг 63 фоизи чўл ва ярим чўлдан иборатлиги боис сувга бўлган талаб жуда юқори. Бироқ, сувнинг етарли миқдорда эмаслиги боис қишлоқ хўжалигининг анъанавий фаолият йўналишларидан четга чиққан ҳолда янги ресурслар қидирилади. Мисол учун, мулк эгалари кам сув талаб қиладиган ёки шўр сув билан озиқланадиган ўсимликлар ва экинлар етиштиришга ҳаракат қилади.

Сув муҳим аҳамиятга эга маҳсулот бўлгани учун уни Австралия бош вазири бошқаради. Австралиянинг Миллий фермерлар федерациясига барча ташкилотлар боғланган бўлиб, сув тежаш борасидаги мониторинг доимий олиб борилади. Яна бир жиҳати, дунёнинг ҳеч бир давлатида бўлмаган ер ости сувлари захираси картаси айнан Австралияда ишлаб чиқилган.

– Айрим интернет маълумотларига кўра, Австралияда сувдан бир неча марта фойдаланилар экан. Бу қандай тарзда амалга оширилади?

– Тўғри, бу мамлакатда 370 дан ортиқ сув тозалаш ускуналари бор. Сувдан бир неча марта фойдаланилади. Шўр сув дренаж тармоқларидан ўтказилгандан кейин насослар орқали фермерларнинг даласига етказилади. Ҳамма сув фермерлар орасида бўлинади. Мамлакатда 380 дан зиёд фермер хўжаликлари бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига керакли миқдорда сувни сақлайди, уни бошқаради. Хоҳласа, сотади ёки махсус сақлаш жойларида жамлайди. Сув жуда қимматбаҳо бўлиб, у учун тўлаш керак. Бир куб метр сув 0,5 дан 3 Австралия долларига ишлаб чиқарилади. Бу арзон эмас. Бироқ, мавжуд тоза сув ўсимликларни суғоришга сарфланмайди. Фақатгина инсонлар ва чорва истеъмоли учун етказиб берилади.

– Австралияда ёғингарчиликда йиғилган сувлар жамлаб борилади, бу сувлар денгизга қўшилиб кетмаслиги учун соҳилбўйида махсус сув йиғиладиган жойлар бор деган фикрлар қанчалик тўғри? Фермер сувдан оқилона фойдаланиш учун кўпроқ қайси усуллардан фойдаланади?

– Мамлакатнинг учта штатида суғориладиган, юмшоқ ерлар бор. У ерларда узумзорлар ва боғлар яратилган. Қор ва ёмғир сувларини йиғиб, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш ҳақидаги гаплар ҳақиқат. Фермерлар орасида томчилатиб суғориш оммалашган. Бу ҳар жиҳатдан иқтисодий фойда келтиради. Сувга қўшиб, минерал ўғитлар берилиши, иш ҳажмини қисқартириб, самарадорликни оширади. Хусусан, бу мамлакатда аҳолининг 3 фоизи аграр тармоқда банд. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 40 фоиздан ортиқ экан.

Мулкдорлар сувни тежаш учун ерни “ноль” даражада ишлатади. Яъни Австралияда ерда кичик юзаки ёриқлар ҳосил қилиниб, уруғ сепилади ва усти оддий тарзда, озгина тупроқ билан ёпиб қўйилади. Шунда сув янада кўпроқ тежалади. Ўзбекистонда эса ер техникалар ёрдамида қазилиб, ҳайдалиб, суғориш учун ҳам кўп сув сарфланади. Бизда ёмғир мавсумида экиладиган ўсимликлар бор.

– Австралиянинг иссиқ об-ҳаво шароитида тез-тез қурғоқчилик кузатилади. Экинлар қуриб кетган ҳолатларда давлат фермерлар учун қандай ёрдам беради?

– Бутун дунёда қишлоқ хўжалиги тизими субсидиялаш тартибда ишлайди, шу каби бу мамлакатда ҳам жорий этилган. Агарда қурғоқчилик бўлса ёки фермерлар исталган ҳосилни ололмаган бўлса давлат уларга кафолатланган миқдорда ёрдам беради. Мисол учун, ўтган йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг деярли чорак қисмини етказиб берадиган Жанубий Уэлс шаҳрини қурғоқчилик қамраб олди. Шунда ҳукумат томонидан минтақага фавқулодда ёрдам тариқасида 430 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилди. Шунингдек, сув кўп талаб қиладиган – папайя, авокада, анор кабиларни етиштирган фермерларга ҳам кўмак берилади.

– Об-ҳаводаги яқинликни ҳисобга олсак, Австралиядаги айрим усулларни мамлакатимиз мулкдорлари фаолиятига ҳам жорий этиш фойдадан ҳоли бўлмайди, назаримда?

– Албатта. Кенг миқёсда ҳамкорлик ва тажриба алмашишни йўлга қўйамиз. Аслида мени вазифам ҳам Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш самарадорлигини ошириш, экологик тоза маҳсулотларни дунё бозорига катта миқдорда чиқаришга кўмаклашиш. Дунёда органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талабнинг ортишини ҳисобга оладиган бўлсак, Ўзбекистондаги фермерларда бу борада етарлича имконият мавжуд. Тўғри ҳозиргача, Россия, Хитой ва МДҲ давлатлари бозорида ўз ўрнимиз бор. Лекин экологик тоза мева-сабзавотларни қимматроқ сотиш учун халқаро стандартларни жорий этиш зарур. Мен 200 давлатга визасиз кира олиш имтиёзидан фойдаланиб, бу борадаги ютуқларни кенгайтиришни мўлжаллаб турибман.

6 854
Сайёра Шоева, ЎзА​