ЎзА Ўзбек

26.08.2020 Чоп этиш версияси

Аттестация, экспертиза жараёнлари ҳам электрон тарзда амалга оширилади

Аттестация, экспертиза жараёнлари ҳам электрон тарзда амалга оширилади

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатларга мувофиқ, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш жараёни ҳам босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда.

Миллий матбуот марказида Олий аттестация комиссияси томонидан ташкил этилган брифингда “Электрон ОАК” хусусида батафсил маълумот берилди.

Айни пайтда ОАК фаолиятида 7 та ахборот тизими амалиётга жорий этилган бўлиб, Тошкент ахборот технологиялари университети билан ҳамкорликда яна 5 та ахборот тизими ишлаб чиқилди ва ҳозир тизимлар тест режимида синовдан ўтказилмоқда. 

Ушбу ахборот тизимлари глобал ва корпоратив тармоқ асосида ҳимояланган тартибда ишлайди. Уларнинг базаси лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида яратилиб, интерфейслари ўзбек, рус ва инглиз тилларида локализация қилинган. Улардан фойдаланиш масофаси чегараланмаган, барча аттестация жараёнларини масофавий ташкил қилиш имконияти мавжуд.

“Электрон ОАК” тизимининг яратилиши илк бор миллий даражада илмий даражалар, илмий унвонлар бўйича аттестация ишлари, жумладан, экспертиза жараёни ҳам электрон тарзда амалга оширилади. Олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари, илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ва ОАК ўртасидаги барча ҳужжатлар корпоратив электрон ҳужжатлар айланиш комплекс-таҳлилий ахборот тизими асосида амалга оширилади. Илк бор миллий даражада диссертациялар интернет тармоғи орқали илмий жамоатчиликнинг электрон экспертизасидан ўтказилади ва унинг ижобий натижаси асосида ҳимояни ташкил этиш йўлга қўйилади. 

Шунингдек, аттестация жараёнларини узлуксиз ва онлайн шаклда ташкил қилишнинг илмий-ташкилий ва дастурий базаси яратилади ва илмий унвонлар, илмий даражалар бўйича доимий равишда ўсиб борувчи маълумотлар базасига эга бўлган идоравий ахборот тизимлари “Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлилий тизими” дастурий-аппарат комплексига интеграция қилинади.

Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси тизимига жорий этилаётган мазкур ахборот тизимлари соҳа фаолиятининг сифати ва натижадорлигини оширишда, аттестация жараёнининг шаффофлигини ва мазкур жараён иштирокчиларининг масъулиятини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. 

6 728
Б.Мелиқулова, ЎзА