ЎзА Ўзбек

15.04.2019 21:34 Чоп этиш версияси

“АТОМЭКСПО – 2019” форуми Ўзбекистон учун янги имкониятлар очади

“АТОМЭКСПО – 2019” форуми Ўзбекистон учун янги имкониятлар очади
Бугун, 15 апрель куни Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида “АТОМЭКСПО – 2019” ўн биринчи форуми иш бошлади.

74 мамлакатдан вакиллар иштирок этаётган нуфузли тадбирда атом энергетикасини ривожлантириш, экология ва табиий ресурсларга масъулият билан ёндашув, “яшил” инвестициялар ва бу жараённинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари атрофлича таҳлил этилмоқда.

“Росатом” давлат корпорациясининг ташаббуси билан анъанавий ўтказиб келинаётган форумнинг навбатдаги мавзуси “Яхши ҳаёт учун атом технологиялари” деб номланди.

Биз учун эътиборли жиҳати, форум ишида Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш лойиҳаси ҳам муҳокама қилинмоқда. Тадбирнинг биринчи кунидаёқ бу жараёнда истиқболли ҳамкорлик қилиш, етакчи мутахассислар билан тажриба алмашиш борасида яхши натижаларга эришилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, унинг ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги, ЎзРФА, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси вакиллари чет эллик ҳамкасблари билан мулоқот чоғида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари, Ўзбекистонда АЭС қурилишида аҳамиятли жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, атом энергетикасининг дунё иқтисодиёти ривожида ва халқлар фаровонлигини таъминлашдаги ўрни, бу борада инвестициявий имкониятлар, экология ва табиий ресурслар каби масалалар юзасидан халқаро экспертлар ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.

Халқаро экспертлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзатом” агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов сўзга чиқди.

– Ўзбекистонда атом дастури бўйича бошлаган ишларимиз бевосита иқтисодий жиҳатлар билан боғлиқ , – деди Ж.Мирзамаҳмудов. – Бизнинг мамлакатимиз табиий газга бой ва ундан окилона фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқаришда бошқа ресурслар – қуёш, шамол, гидроэлектр станцияларига ҳам алоҳида аҳамият қаратаяпмиз. Бироқ аҳолининг сони ошиб бориши сабабли электр энергиясига талаб ортиб бормоқда. Шу боис, тинч мақсадларда фойдаланиш учун АЭС қуриш зарурати юзага келди. Бу борада яна бир муҳим жиҳат шуки, табиий ресурслар ҳам битмас-туганмас эмас. Мана шунинг учун биз юртимизда атом энергетикасини ривожлантириш йўлини танладик.

Тадбир доирасидаги кўргазмадаги атом саноатининг етакчи компаниялари соҳага доир инновацион ғоялар, илғор ядро технологияларини қўллаш механизми ва бошқа соҳаларга доир ўзларининг янги маҳсулотларини намойиш этмокда. Ўз навбатида, иштирокчилар бу компаниялар тажрибалари билан танишмоқда.

Бугун “Ўзатом” агентлиги ва “Русатом Сервис” АЖ ядро инфрастузилмасини ривожлантириш бўйича режалар тўғрисида меморандумни имзолади.

Форум иши давом этмоқда.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА

Россия, Сочи шаҳри.

3 118