Ашхободда Made in Uzbekistan Миллий саноат кўргазмаси иш бошлади
Туркманистон Ўзбекистоннинг стратегик шерикларидан бири. Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва яхши қўшнилик муносабатлари янги босқичга кўтарилди.
Туркманистон Ўзбекистоннинг стратегик шерикларидан бири. Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва яхши қўшнилик муносабатлари янги босқичга кўтарилди.Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг олий даражадаги учрашувлари ўзаро ҳамкорлик ривожига кучли туртки берди. Бу мамлакатларимизнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатлари жадал ривожланиб бораётганида ўз ифодасини топмоқда.
Мазкур кўргазма Туркманистонда Ўзбекистон миллий саноат маҳсулотлари ва инвестициявий салоҳиятини намойиш этиш, ушбу мамлакат компаниялари билан тижорий-шериклик шартномалари тузиш, ишбилармон доираларни юртимизнинг илмий-ишлаб чиқариш салоҳияти билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 100 дан ортиқ йирик саноат корхоналари ва тадбиркорлар иштирок этмоқда.
Икки блокдан иборат ярмарка павильонларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кенг турдаги саноат маҳсулотлари, жумладан, тўқимачилик, озиқ-овқат, чарм-пойабзал, маиший техника, қурилиш моллари ва бошқа маҳсулотлар намойиш этилмоқда.