ЎзА Ўзбек

16.03.2018 15:28:59 Чоп этиш версияси

Қашқадарёда чигит экиш бошланди

Қашқадарё вилояти Миришкор туманида чигит экиш бошланди.

Ўтган йили давлатга режага қўшимча 10 минг тоннадан зиёд пахта сотган миришкорлик омилкор деҳқонлар жорий йилда ҳам мўл ҳосил етиштириш учун қизғин агротехник тадбирларни бошлаб юборди.

Тумандаги “Сулаймон Муродов” муқобил машина-трактор парки энг кўп фермер фаолият кўрсатаётган ҳудуд ҳисобланади. Айни пайтда бу ерда 141 фермер хўжалиги мавжуд. Жорий йилда улар 2 минг 580 гектар майдонга чигит экишни мўлжалламоқда.

– Насиб этса, бу йил барака уруғини қадашни бошладик, – дейди ҳудуднинг “Самирбек” фермер хўжалиги раҳбари Ашурбой Шарипов. – Уруғ қанча эрта экилса, ҳосил шунча вақтли тайёр бўлади. Ўтган йилда белгиланган режани ортиғи билан уддаладик. Жорий йилда 44 гектар майдонга ғўзанинг “Бухоро-6” навини экмоқдамиз. Экиш олдидан барча агротехник тадбирлар меъёрида ўтказилди. Гектарига 200 килограммдан минерал ўғит сепилди, ишларимиз кўнгилдагидек кетса, пахтадан 40 центнердан ошириб ҳосил оламиз.

Миришкор туманида жорий йил экиш мавсумини қисқа муддатларда сифатли ўтказишни таъминлаш учун аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, чигит экиш режалаштирилган 21 минг гектардан зиёд майдонда агротехника тадбирларини ўз вақтида бажариш учун экиш отрядлари шакллантирилиб, барча техника воситалари мавсумга шай қилинди. Жумладан, 464 чопиқ трактори ва мингта барона, бундан ташқари 184 та 90 схемадаги ва 34 дона қўш қатор экадиган сеялкалар тайёрлаб қўйилди.