ЎзА Ўзбек

28.06.2020 Чоп этиш версияси

«Асака» банкда карантин қоидаларига қатъий риоя қилинаётгани маълум қилинди

«Асака» банкда карантин қоидаларига қатъий риоя қилинаётгани маълум қилинди

Ижтимоий тармоқларда «Асака» банк бош офисида ишловчи ходимларнинг бирида коронавирус аниқланганига қарамай, ҳеч бир ходим карантинга олинмагани ҳақида тарқатилаётган хабарлар тарқалганди. Бунга банк Ахборот хизмати қуйидагича изоҳ беради.

«Асака» банк пандемия эълон қилинган кундан бошлаб, Махсус комиссиянинг қарорлари, карантин қоидаларига қатъий риоя қилмоқда. Банк раҳбарияти томонидан ходимларнинг ихтиёрий ишлаши тизимли ташкил этилган бўлиб, уларнинг ўз истакларига қараб, 20 фоизидан зиёди масофадан туриб ишлашга, 12 фоизи навбатдаги ёки навбатдан ташқари меҳнат таътилларида ва 30 фоизга яқини иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилларга чиқарилган.

Мижозлар учун онлайн хизмат кўрсатиш кучайтирилди. Бош офис ва банкимиз филиалларига келиш учун зарур эҳтиёжи туғилган мижозларга ҳимоя кийимлари кийган ва масофани сақлаган ҳолда хизмат кўрсатилмоқда. Бош офис ва филиалларимиз биноларига кираверишда махсус дезинфекция тонели ўрнатилган. Бинога киришдан аввал ходимлар ва мижозларнинг ҳарорати ўлчанади. Шунингдек, кун давомида тиббиёт ходимлари уларнинг соғлиғидан хабардор бўлиб, тана ҳароратини текширяпти. Ходимларга тиббиёт ниқоблари, қўлқоплар мунтазам етказиб берилмоқда. Банк биносининг ички ва ташқи ҳудудлари мунтазам равишда (ҳафтада уч марта), дезинфекция қилинади.

Банк зарур тадбирларни, йиғилишларни фақат онлайн ўтказмоқда. Хусусан, 26 июнга белгиланган акциядорлар йиғилиши ҳам масофадан туриб, онлайн тарзда ташкил этилди.

Жорий йилнинг 24 июнь куни «Асака» банкининг навбатчи ҳайдовчисида коронавирус инфекцияси борлиги аниқланган. COVID-19га топширган ходимнинг таҳлили ижобий чиққани ҳақида банкка хабар етказилиши биланоқ, эҳтиёт чоралари кучайтирилган. Биринчи навбатда санитария ва эпидемиологик станцияга хабар берилиб, улар томонидан ходим ишлаган жой карантинга ёпилган ва дарҳол дезинфекция қилинган ҳамда ходимларнинг барчаси коронавирус бор-йўқлигини аниқловчи тестдан ўтказилиши ташкиллаштирилди.

Ҳозирда вирус аниқланган ходим шифокорлар назоратида, у билан яқин алоқада бўлганлар карантинга олинди, дейилади банк ахборот хизмати томонидан билдирилган муносабатда.

4 491
ЎзА