Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.11.2017 15:09 Чоп этиш версияси

Арзон ва кўп қаватли уй-жойлар қурилиши изчил давом эттирилади

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида "Ипотека-банк" акциядорлик-тижорат банки томонидан ташкил қилинган матбуот анжуманида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 23 октябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг ижросини изчил таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз борди.

Мазкур қарорга мувофиқ, 2018-2020 йилларда шаҳарларда қарийб 43,5 минг квартира қурилиши режалаштирилган. Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида уй-жойларнинг тарифидан келиб чиқиб, 10 фоиздан 40 фоизгача миқдоридаги сумма бошланғич бадал сифатида белгиланди.

Ушбу арзон уй-жойлар учун йигирма йилга бериладиган кредитнинг имтиёзли даври уч йилдан иборат. Шунингдек, дастлабки беш йилда тўлов кредит миқдорининг етти фоизини ташкил этади, кейинги йилларда эса Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаштириш ставкасига кўра ҳисобланади.

Анжуманда бундай уй-жойлар қурилишини молиялаштириш, банк томонидан ипотека кредитларини ажратиш тартиби ва бу борада аҳолига яратилаётган қулайликлар хусусида маълумот берилди.

– Фуқароларнинг кредит олиши учун қатор солиқ имтиёзлари яратилган, – дейди банкнинг ипотека ва истеъмол кредитлари бошқармаси бошлиғи Бобур Нурмуҳаммедов. – Бунда кредит олувчининг ўзи ёки оила аъзоларининг кредит бўйича ойлик тўловларни қайтариш учун йўналтирган маблағи солиққа тортилмайди. Агарда корхоналар қайтиб олмаслик шарти билан ўз ходимларига ипотека кредитининг бошланғич бадалини тўлаб берган бўлса, мазкур маблағ ҳам солиққа тортилмайди. Шунингдек, кредит тўлиқ қайтгунига қадар хонадон учун мол-мулк солиғи тўланмайди.

Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
3 887






Все о погоде - Pogoda.uz