ЎзА Ўзбек

07.12.2018 18:21 Чоп этиш версияси

Андижонда 5 минг 19 гектарга интенсив боғлар барпо этилган

Андижонда 5 минг 19 гектарга интенсив боғлар барпо этилган
Андижон вилоятида кейинги уч йилда 2 минг 646 гектар интенсив боғлар барпо этилди. Айни пайтда вилоятда интенсив боғларнинг умумий майдони 5 минг 19 гектарга етди.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ривожида боғдорчиликнинг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда катта. Халқимиз дастурхонини сифатли ва сархил мевалар билан таъминлаш мақсадида боғдорчилик ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги “Сабзавот-полизчилик, боғдорчилик ва узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини ислоҳ қилиш, соҳани ривожлантириш, боғлар ҳосилдорлигини кўтариш, янги боғлар яратиш, кўчатларни турли касалликлардан асраш, навларни янгилаш, мева-сабзавот экспорт ҳажмини ошириш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Жумладан, интенсив боғлар яратиш масаласи ҳам алоҳида эътиборда. Бу борада Андижон вилоятида ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. 

Бугунги кунда Андижон вилоятида 27,4 минг гектар майдонда боғ, 4,3 минг гектар узумзор мавжуд. Боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган 5 минг 775 фермер хўжалиги самарали фаолият кўрсатмоқда. 

Вилоятда жорий йилда 539,4 минг тонна мева, 85,3 минг тонна узум етиштирилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 101,5 фоизга ўсди. Умумий қиймати 78 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мева-сабзавот экспорт қилинди. 

Таъкидлаш керакки, мева етиштиришда интенсив боғлардан олинаётган ҳосил йилдан-йилга ортмоқда. 

– 2015-2018 йилларда 3 минг 721 гектар интенсив боғ яратилди, – дейди Андижон вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи Абдумуталлиб Сулаймонов. – Сербия, Греция, Польша ва Туркия давлатларидан келтирилган олма, нок, олхўри, гилос, олча, шафтолининг пакана ва ярим пакана навли кўчатлари экилди. Ўша боғлардан ҳозир гектаридан 300-400 центнердан ҳосил олинмоқда. 

Дарҳақиқат, интенсив боғлардан юқори ҳосил олиш учун зарур ишлар амалга оширилиб, мавсумий агротехник тадбирлар ўз вақтида, сифатли бажарилмоқда. Бу жараёнда илғор усуллар қўлланилаётгани ишнинг янада самарали бўлишида муҳим аҳамият касб этаётир. Бу борада Асака туманидаги “GM Oʻzbekiston” акциядорлик жамияти корхонаси тасарруфидаги “Андижон биокимё заводи” очиқ акциядорлик жамиятига, Андижон туманидаги “Илғор йигирувчи” масъулияти чекланган жамиятига қарашли боғларда, шунингдек, Олтинкўл туманидаги “Армуғон Олтинкўл” фермер хўжалиги, Қўрғонтепа туманидаги “Интер агро стар”, Булоқбоши туманидаги “Дўланалик боғбон меваси”, Марҳамат туманидаги “Баланд дарвоза”, Жалақудуқ туманидаги “Ал-Ҳасанбой бек боғи”, Балиқчи туманидаги “Эргашали Усмон боғи”, Асака туманидаги “Обод турмуш орзуси” сингари илғор боғдорчилик фермер хўжаликларида иш намунали йўлга қўйилган. 

Қўрғонтепа туманидаги “Интер агро стар” фермер хўжалигида бир гектар майдондан 300-350 центнер ҳосил олинмоқда. Қолаверса, интенсив усулда меҳнат сарфи 50-60 фоиз камайиб, ҳосилдорлик 25-30 фоиз ортгани аҳамиятлидир. 

Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг Андижон экспериментал кўчатчилик хўжалигида 2017 йилда 280 минг, 2018 йилда 320 минг тупдан зиёд олма, нок ва бошқа меваларнинг ҳосилдорлик бўйича хориждан келтирилган кўчатлардан қолишмайдиган сифатли кўчатлари тайёрланиб, хўжаликлар ва аҳолига етказиб берилди. Андижон қишлоқ хўжалик институти олимлари ҳамда вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси мутахассислари томонидан Андижон вилояти шароитида интенсив боғлар яратиш, кўчатларни жойлаштириш, экиш технологияси, қаламчалар тайёрлаш, умуман, илғор усулларни жорий этиш бўйича тавсия ва услубий қўлланмалар тайёрлангани бу борадаги билим ва тажрибаларни бойитмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, Андижонда боғдорчилик соҳасида ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Боғ парваришида илғор технология ва тажрибалар амалиётга татбиқ этилаётгани, турли касалликларга қарши белгиланган тартибда ишлов берилаётгани юқори ҳосил олиш имконини бермоқда. 

Вилоятдаги боғларнинг асосий қисми адир ҳудудларида жойлашган. Адир шароитида сув танқислиги, тупроқда намлик узоқ сақланмаслиги суғоришда тежамкор ва самарали усуллардан фойдаланишни тақозо этади. Шу боис, боғбонлар суғоришнинг самарали усуллари, айниқса, томчилаб суғоришдан кенг фойдаланаётгани сувни тежаш имконини бермоқда. 

Асака туманидаги “Сабо ҳамкор” масъулияти чекланган жамиятида эса мамлакатимизда илк бор интенсив усулда яратилган банан плантациясидан яқин кунларда биринчи ҳосил териб олинади. Ҳосил чўғидан келиб чиқиб, бананзорнинг ҳар гектаридан 35 тоннадан ҳосил олиш мўлжалланмоқда. 

Соҳага қаратилаётган эътибор натижасида вилоятда боғдорчилик, хусусан, интенсив боғдорчилик тобора ривожланиб, юқори иқтисодий даромад келтирадиган тармоқлардан бирига айланмоқда. Энг муҳими, халқимиз дастурхони сифатли, сархил меваларга тўкин бўлиши таъминланмоқда. 



Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
2 304