Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2017 15:57 Чоп этиш версияси

Андижон шаҳридаги кичик саноат зонасида 21 корхона фаолияти йўлга қўйилди

Андижон шаҳридаги кичик саноат зонасида 21 корхона фаолияти йўлга қўйилди Андижон шаҳридаги собиқ “Электродвигатель” очиқ акциядорлик жамияти ҳудудида ташкил этилган кичик саноат зонасида автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар, алюмин, пластмасса, қурилиш материаллари, саноат ва трикотаж, нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган 23 лойиҳа амалга оширилади. Натижада 300 дан зиёд иш ўрни яратилади.

– Умумий майдони 6,5 гектар бўлган мазкур ҳудудда белгиланган лойиҳалар доирасида 9 миллиард 471 миллион сўм ҳамда 1 миллион 636 минг доллар миқдордаги инвестиция киритилиб, қатор янги корхоналар ишга туширилди, – дейди Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Инфратузилма мулкларини бошқариш маркази давлат унитар корхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Исломбек Қамбаров. – Айни кунга қадар 21 корхона фаолияти йўлга қўйилиб, 304 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлди.

Мазкур ҳудудда самарали фаолият юритаётган “Анд белита” хусусий корхонасида болалар, аёллар ва эркаклар учун 50 дан ортиқ турдаги сифатли, бежирим пайпоқлар ишлаб чиқарилмоқда.

Корхона томонидан қарийб 600 миллион сўм ҳамда 537,9 минг доллар миқдорида инвестиция киритилиб, ишлаб чиқариш цехлари қайта жиҳозланди, Хитойдан 50 дан ортиқ замонавий пайпоқ тўқиш дастгоҳлари, бошқа зарур ускуналар олиб келиб ишга туширилди.

13.JPG

– Корхонамизда жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида умумий қиймати 2,5 миллиард сўмга яқин 1,6 миллион дона пайпоқ ишлаб чиқарилди, – дейди корхона раҳбари Ботиржон Комилов. – Маҳсулотларимиз сифатига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Айни кунда корхонанинг тўқиш, қадоқлаш цехларида 45 хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Уларнинг самарали иш юритиши учун зарур барча шароит яратилган. Корхона мутахассислари келгуси йилдан бошлаб корхона маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича россиялик ҳамкорлар билан келишув тузиш бўйича иш олиб бормоқда.

“Lucky paper” масъулияти чекланган жамиятида эса Хитой технологияси асосида яроқсиз қоғозлар қайта ишланиб, қадоқлаш, ўров қоғозлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

– Кичик саноат ҳудудида зарур инфратузилма, қатор қулайликларнинг яратилганлиги фаолиятимизнинг самарали бўлишида муҳим роль ўйнамоқда, – дейди “Lucky paper” масъулияти чекланган жамияти директори Анвар Мухторов. – Электр энергияси, сув таъминоти масалалари тўла-тўкис ҳал этилган. Ҳозир корхонамизда асосан 130 дан 160 миллиграммгача бўлган қалинликдаги ўров қоғозлари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотларимиздан асосан торт, қандолат маҳсулотларини қадоқлаш учун махсус идишлар тайёрланмоқда. 8 киши меҳнат қилаётган корхонамизда жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 200 тонна яроқсиз қоғоз қайта ишланиб, 450 миллион сўмлик маҳсулот тайёрланди.

“Стапак ривож” масъулияти чекланган жамияти ўзининг айланма маблағлари ҳисобидан замонавий дастгоҳ сотиб олиб, ишга туширди. Натижада полиэтилен халталар ишлаб чиқариш, шунингдек, плёнкага гул босиш, ёрлиқлар чоп этиш йўлга қўйилди.

8.JPG

– Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотларини қадоқлаш учун устига ёрлиқ туширилган махсус плёнка халталарни аввал пойтахтимиз Тошкентда тайёрлатиб, олиб келар эдик, – дейди “Хўжаобод-Фазо” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рустам Бурхонов. – Эндиликда бундай плёнкага ёрлиқ тушириш Андижоннинг ўзида бажарилаётганлиги бизга қўл келмоқда.

Айни кунда 11 нафар киши меҳнат қилаётган ушбу корхонада жорий йилнинг ўтган даврида 500 миллион сўмлик маҳсулот харидорларга етказиб берилди.

Мазкур кичик саноат зонасида тадбиркорларга яратиб берилган қулай шароитлар туфайли “Анд вед строй”, “Сегаза қуювчи”, "Улкан бизнес инвест”, “Садаф мрамор ривож”, “Ҳусниддин Абдуқундуз” сингари қатор корхоналар самарали фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган алюмин деталлар, темир қувурлар, нон ва сут маҳсулотлари ички бозорни тўлдириш, халқимизнинг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш билан бирга мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Фаҳриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
3 972






Все о погоде - Pogoda.uz