Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.10.2012 15:43 Чоп этиш версияси

Ҳамкорлик янада кенгаймоқда

Тошкентда 15 октябрь куни Жанубий Кореянинг қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш борасидаги тажрибаси ва эришган ютуқларига бағишланган конференция ҳамда мазкур соҳада қўлланиладиган Корея технологиялари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон билан Корея Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг йигирма йиллигига бағишланган мазкур анжуманда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Ш.Нурматов ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишлар қатори қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам изчил тараққий этаётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги алоқалар иқтисодиёт, савдо, сармоя, нефть-газ, сайёҳлик, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар каби соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам изчил ривожланмоқда. Ўзбекистонда кореялик ҳамкорлар билан ташкил этилган 359 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатимизда Жанубий Кореянинг 84 компанияси ўз ваколатхонасини очган.

Конференцияда кореялик ишбилармонларга мамлакатимиз иқтисодиётига сармоя жалб қилишнинг устувор йўналишлари, Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Меҳмонлар юртимиз иқтисодиётини, хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш йўлида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ўзгаришлар билан танишдилар. Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболига оид масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Кўргазмада Жанубий Кореянинг қишлоқ хўжалигида фаолият юритувчи қатор йирик фирма ва компанияларидан кўплаб вакиллар иштирок этгани уларнинг ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиши катта эканидан далолатдир. Корея компаниялари томонидан намойишга қўйилган қишлоқ хўжалиги соҳасида қўлланиладиган янги технологиялар, мева ва сабзавотларни қайта ишловчи ва сақловчи ускуналар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

– Ўзбекистонда кўплаб турдаги мева ва сабзавотлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади, Жанубий Кореяда эса уларни қайта ишловчи юқори технологиялар мавжуд, – деди Корея Республикаси Ташқи ишлар ва савдо вазирлигининг Европа мамлакатлари бўйича бошқармаси бошлиғи Ли Ук Хён. – Шу нуқтаи назардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасига инновацион технологияларни жалб этиш борасидаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш ҳар икки томон учун ҳам фойдали, деб ўйлайман.

– Компаниямиз мева ва сабзавотларни, гул ва бошқа ўсимликларни етиштирувчи иссиқхоналар қуриш ва уларни лойиҳалаштириш билан шуғулланади, – деди Кореянинг “Whashin” компанияси директори ўринбосари Ли Кюнг Хван. – Ўзбекистонлик ишбилармонлар ва фермерлар кўргазмада намойишга қўйилган юқори технологияли иссиқхоналаримизга катта қизиқиш билан қараётгани бизни қувонтирмоқда.

Ушбу тадбирлар икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида фойдали мулоқотлар ўтказиб, ҳамкорликда ўзаро манфаатли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, бизнес шартномалари тузиш учун яхши имкониятдир.


ЎзА, Мадина Умарова
11 976