ЎзА Ўзбек

08.01.2019 12:48 Чоп этиш версияси

Ғаллачиликда ислоҳотларнинг янги босқичи

Ғаллачиликда ислоҳотларнинг янги босқичи

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ғаллачиликдаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон тарихида илк маротаба кафолатланган харид нархлари ўтган йилларга нисбатан ўртача 60 фоизга оширилди. Бу эса ғалла етиштирувчи фермер ва деҳқонлар манфаатдорлигини оширишга, уларнинг иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритишини таъминлашга қаратилгандир.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, бошоқли дон етиштиришга сарфланадиган харажатлар учун 100 фоиз миқдорида давлат бюджетидан имтиёзли кредит ажратиш белгиланди. Шу пайтга қадар ғалла етиштиришда маҳсулот қийматининг 60 фоизи миқдорида кредит ажратилиб, сарфланган моддий-техник ресурсларга ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тўловлар амалга оширилмасдан ўзаро қарздорликлар пайдо бўлишига, бу эса агротехник тадбирларнинг сифатсиз ёки ўз вақтида ўтказилмаслигига олиб келган.

Яна бир янгилик – етиштирилган ғалла ҳосилдорлигига боғлиқ ҳолда харид нархларини ошириб бориш ёки камайтириш механизми белгиланганидир. Ушбу тизим фермер хўжаликлари томонидан ер ва сувдан оқилона фойдаланиш ҳамда сарфланаётган ресурслар (минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, техника ва бошқалар) самарадорлигини ошириш орқали юқори ҳосил олишга бўлган қизиқишини рағбатлантиради. Маълумки, шу пайтгача республикамизда етиштирилган жами ғалла ҳажмининг аниқ ҳисоб-китобини юритиш тизими мавжуд бўлмасдан, шартнома бўйича сотилган ғаллани 2 баробарга оширган ҳолда, “шартномадан ортиқча қисми фермернинг ўзида қолди”, дея асосланмаган ҳисоботлар тақдим этиб келинган.

Қарор билан қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштирилган ғалла ялпи ҳосили ҳажми ҳисобини юритиш тартибини ишлаб чиқиш белгиланиши ҳам фермерда, ҳам давлат органларида етиштирилган ғалла ҳосили тўғрисида аниқ маълумотга эга бўлиш орқали энг муҳим масала – озиқ-овқат захирасини тўғри башорат қилиш имконини беради.

Таъкидланган ҳуқуқий ҳужжатни “фермер томонидан етиштирилган ғалла ҳосили тўлиғича давлат хариди учун етказиб берилади”, деб тушуниш нотўғри бўлади. Фермер фақатгина контрактация шартномасида белгиланган ҳажмдаги ғаллани давлат хариди учун сотади. Қолган қисмидан ўз истагига кўра фойдаланади. Бунда бир гектар майдондан олинадиган ҳосил қанча юқори бўлса, сотиш нархи ҳам шунча ошади. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастури доирасида 2016-2018йилларда республика бўйича 41 минг гектардан зиёд паст ҳосилли ғалла майдонлари қисқартирилди. Бугунги кунда суғориладиган ғалла майдонлари юқори унумдорликка эга бўлиб, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш ҳисобига ўртача ҳар гектар ердан 55-60 центнер, юқори репродукцияли уруғлар экилганда 100-110 центнердан ҳосил олиш имконияти мавжудлиги илмий асосланган.

Албатта, тупроқ унумдорлигини оширишга интилмаган, яратиб берилган шароит ҳамда имкониятлардан самарали фойдаланмасдан, юқори ҳосил олишни мақсад қилмаган фермерларнинг фаолияти нафақат ерга, балки халққа, Ватанга хиёнат сифатида баҳоланиши лозим. Фермерлар ғалладан юқори ҳосил олиб, давлатимиз хирмонини, халқимиз дастурхонини тўлдириш, ўз даромадларини ошириш ва озиқ-овқат мўл-кўллигини таъминлашга масъул эканликларини асло унутмасликлари лозим.

Исроилжон Холмирзаев,
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
бошқарма бошлиғи, иқтисод фанлари номзоди.​​

ЎзА
5 489