ЎзА Ўзбек

28.02.2019 Чоп этиш версияси

Ғалла шартномасини биринчи бажарган сектор раҳбарларига машина берилади

Ғалла шартномасини биринчи бажарган сектор раҳбарларига машина берилади

Тошкент вилоятида жорий йил ғалла шартномасини биринчи бўлиб бажарган туманнинг тўртала сектор раҳбарларига хизмат машинаси берилади.

Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокими Ғуломжон Ибрагимов маълум қилди.

Маълумотларга кўра, вилоятда жорий мавсум 117 минг 300 гектарда ғалла парваришланаётир. Вилоят миришкорлари ҳар гектар буғдойдан 70 центнердан ошириб хирмон кўтариб, вилоят бўйича 850 минг тоннадан ортиқ дон олишни мақсад қилмоқда.

Сессияда ғалла парвариши, хусусан ғалла майсаларининг баравж ривожини таъминлаш, ўз вақтида озиқлантириш, баҳорги суғориш жараёнига тайёрлаш каби муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

Муҳокама жараёнида бу борада намуна кўрсатганларни муносиб тақдирлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, вилоят ҳокими томонидан ғалла шартномасини биринчи бўлиб бажарган туманнинг тўртала сектор раҳбарига хизмат машинаси, шунингдек, 100 центнердан ошириб ҳосил олган ҳар бир фермер хўжалиги раҳбарига хоҳишига қараб автомобиль ёки қишлоқ хўжалиги техникаси берилиши маълум қилинди.

Фаоллар йиғилишида ғалла ривожи билан боғлиқ муҳим вазифалар белгиланиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Сессияда шунингдек, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

7 650
Авазбек Худойқулов, ЎзА​​