ЎзА Ўзбек

11.10.2018 15:19 Чоп этиш версияси

Ғалла майдони камайди, лекин ҳосилдорлик кам бўлмайди

Ғалла майдони камайди, лекин ҳосилдорлик кам бўлмайди

“Сардор Сарбон” фермер хўжалиги буғдойдан мўл ҳосил етиштиришда нафақат Пешку тумани, балки Бухоро вилоятида ҳам юқори натижага эришган пешқадам хўжаликлардан бири.

Жорий йил ҳосилдорликни 75 центнерга етказган хўжалик миришкорлари келгуси йилда янада юқори марраларни кўзламоқда.

– Хирмон баракали бўлиши кўп жиҳатдан донни кузда, қулай об-ҳаво шароитида сифатли экиб олишга боғлиқ, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Ўктам Элов. – Шунинг учун жорий йилда бу муҳим агротехник тадбирга алоҳида эътибор қаратяпмиз. 16 гектар очиқ майдонга дон экишни тугатдик. Айни пайтда пахта ҳосилидан бўшаётган 19 гектар ердаги ғўза қатор ораларига уруғ ташлаш якунига етказилмоқда. Мутахассислар тавсиясига кўра, экиш олдидан гектарига 125 килограмм фосфорли, 75 килограммдан калийли ўғит киритилмоқда. Бу майсанинг яхши ривожланишини таъминлайди.

Вилоятнинг 3 минг 600 дан ортиқ фермер хўжалигида кузги дон экиш ишлари тезкорлик билан олиб борилмоқда. Бунда майдонлар пухта тайёрланаётгани, техникаларга ёқилғи-мойлаш материаллари ўз вақтида етказиб берилаётгани, зарур техник хизмат кўрсатиш сифатли йўлга қўйилгани муҳим омил бўлаётир.

Уруғ танлашда ҳам унинг маҳаллий иқлим шароитига мослиги, эртапишар ва ҳосилдорлигига эътибор қаратилди. Майдонларнинг қарийб 60 фоизига “Старшина” нави қадалади. Шунингдек, “Гром”, “Грация”, “Васса”, “Юка” ҳамда тажриба далаларида синовдан ўтган “Антонина” нави ҳам экилмоқда. Ҳозирда бу тадбир кўзда тутилганидек, 21,5 минг гектар майдонда амалга оширилди. Яқин кунларда пахта ҳосилидан бўшайдиган 40,1 минг гектар майдонда ҳам ғўза қатор ораларига дон экишни ниҳоясига етказиш кўзда тутилган.

Айтиш керакки, гарчи буғдой майдонлари сабзавот ва бошқа экинларга ажратиш ҳисобидан ўтган йилга нисбатан 1,5 минг гектарга камайган бўлса-да, ғаллакорлар келгуси йилда ҳосилдорликни янада оширишни мақсад қилган.

Эркин Ёдгоров, ЎзА​​
1 659