ЎзА Ўзбек

11.07.2019 Чоп этиш версияси

Алишер СУЛТОНОВ: “Тарифларда у қадар катта ўзгаришлар бўлмайди”

Алишер СУЛТОНОВ: “Тарифларда у қадар катта ўзгаришлар бўлмайди”

Мамлакатимизда электр энергияга бўлган талаб ошиб бормоқда. Шу боис амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида бу масалани босқичма-босқич ҳал этиб бориш ҳам ечимини кутаётган долзарб вазифалардан.

Эътиборли жиҳати, айнан шу тармоқни замон талаби даражасида ташкил этиш ҳамда келажакда таъминотнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 1 февралда “Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат эса соҳа ривожида ички ва ташқи имкониятлардан оқилона фойдаланишга кенг йўл очаётгани билан катта аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Алишер СУЛТОНОВнинг ЎзА мухбирига берган эксклюзив интервьюси ҳам айнан шу соҳада амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар хусусида бўлди.

– Алишер Саидаббосович, суҳбатимиз аввалида электр энергияси, табиий газ тарифларида ўзгаришлар кутилаётгани ва бу борада турли-туман фикрлар айтилаётганига аниқлик киритсангиз. Бу қай даражада ҳақиқатга яқин?

– Бугунги ўзгаришлардан маълумки, барча соҳалар фаолиятида ўзгаришлар кузатилмоқда ва мавжуд муаммоларга ечим изланмоқда. Бу энергетика тармоғига ҳам тегишлидир. Шу сабабли, айнан мазкур йўналишда қилинаётган қарорлар ҳар томонлама пишиқ-пухта ўрганилиб, таҳлил қилиниб, амалиётга жорий этилади. Масалан, газ, электр энергияга белгиланадиган тариф, нарх масаласида. Аввало, биз ўзимизда ишлаб чиқарилаётган энергия ресурсларини қадрлашимиз зарур. Чунки беҳисоб нарсанинг ўзи йўқ. Давлатимиз раҳбари айтганларидек, ҳисоб-китоб бўлмаган жойда, барака бўлмайди. Бу электр таъминотига ҳам боғлиқ. Чунки биз бозорга бориб, бирон нарсани бепул олиб кета олмаймиз.

Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, биз ишлаб чиқарувчиларнинг зарарсиз ишлашини таъминлаб беришимиз керак. Агар улар фойда эмас, зарар билан ишлайдиган бўлса, албатта, газ ва энергия таъминотида ижобий натижаларга эришиш қийин. Демак, ҳар бир маҳсулотнинг нархи бўлади. Президентимизнинг аҳолига оғирлик тушмаслигини инобатга олиш зарурлиги бўйича қатъий топшириқларидан келиб чиқиб, бунда ички имкониятларни тўлиқ ишга солиш, харажатларни камайтириш ва йўқотишларнинг олдини олиш эвазига ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархини арзонлаштириш масаласи ҳал этилмоқда. Бу эса адолатли тариф сиёсатини ишлаб чиқишда катта имкониятдир. Шу боис, ишлаб чиқилаётган тарифларда катта ўзгаришлар бўлмайди. Фақат бу инфляция даражасида бўлади.

Айтайлик, минимал электр ишлатадиганлар учун етарли нормалар қўйилади. Лекин буни қачон қила оламиз? Буни фақат электр ҳисоблагичларни тўлиқ ўрнатганимизда эришимиз мумкин. Мамлакатимизда салкам 7,5 миллион абонент бор. 2020 йил якуни билан юртимиздаги барча истеъмолчига электр ҳисоблагичлар ўрнатилади. Ана ўшанда ҳисоб-китоб ҳам тўғри бўлади. Ана шунда амалиётга ижтимоий норма ва тарифни тўлиқ киритсак бўлади.

Шу билан бирга, табиий газ бўйича 3,5 миллион абонент мавжуд бўлиб, уларга онлайн ҳисоблагични ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятидамиз. Ойига 300 мингта хонадонга ҳисоблагичларни ўрнатиш ҳам кўзда тутилган. Буни кейинги йилнинг охиригача якунлаш режада бор.

– Демак, белгиланган янги тарифлар ҳар томонлама ўрганилиб, ишлаб чиқилмоқда. Шундай бўлса-да, бунда истеъмолчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласи қай даражада ҳисобга олинган?

– Бундан ортиқча ваҳимага тушмаслик, аксинча, ўзгаришлар моҳиятини яхши англашга ҳаракат қилиш ўринли. Яқин-яқингача доллар кўчада бошқа нархда, давлат нархида бошқа бўларди. Ҳатто писта сотувчи опоқи ҳам доллар ошишига қараб нархини оширарди. Бу нотўғри, албатта. Энди қарашимизни ўзгартириш, янгиликларга монанд фикр-мулоҳаза юритиш, ҳар қандай нотўғри тушунчалар эмас, аксинча, фойдали жиҳатларини англашни ўргансак мақсадга мувофиқдир.

Шу маънода айтганда, ишлаб чиқилаётган қарорда биринчи ўринда халқ манфаати, аҳолининг ижтимоий аҳволи, тўлов қобилияти инобатга олинади. Аҳолининг тўловчанлик имкониятини ошириш, даромадини кўпайтиришга қаратилган чора-тадбирларда шу мақсадлар жамулжам. Тарифлар чиққанда кўрасизлар, бу аҳолига катта оғирлик бўлмайди. Фақат ишлаб чиқарувчилар томонидан спекуляция бўлиши мумкин. Тадбиркорлар тариф ошди, энди бу тайёрланаётган маҳсулот таннархига таъсир қилади, деган хаёлга бориш эҳтимоли бор. Аммо шу таннарх ичида энергия ресурсларининг улуши қанчалигини аниқлаб олиш керак.

Бундай тушунмовчиликларнинг олдини олишда эса жамоатчилик назорати зарур бўлади. Ахир, ўйланг, тариф бироз ошса, у шу даражада ишлаб чиқаришга таъсир қилиши ёки нарх-наво икки баробар ошиб кетиши мумкинми? Бу эса моҳиятни яхши англаб олмаслик билан боғлиқ.

– Ҳеч кимга сир эмас, 4-5 беш йил аввал аксарият ҳолларда қишлоқларда суткасига атиги 2-4 соат электр энергияси бериларди. Ҳатто 2-3 кунлаб свет бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Ҳозир қишлоқларда туну кун свет ёнади. Ҳудудларни электр энергия билан таъминлаш масаласи қандай ҳал этилмоқда?

– Албатта, бунга эришиш осон иш эмас. Бу давлатимиз раҳбарининг чекка ҳудудларни ривожлантиришга бераётган алоҳида эътибори ва қишлоқларнинг ҳар бири шаҳардан обод, гўзал ва чиройли бўлиши керак, деган шиорлари натижаси. Ислоҳотлар самарасидир.

Шунга қарамасдан, ҳудудлардаги иссиқлик электр станцияларининг асосий қисми эскирган. Уларда ёнилғи сарфи юқори. Бу ўз-ўзидан модернизация ва катта маблағни талаб этади. Ҳаммаси равшанки, ҳали қишлоқларда бу жараён бўйича тўлиқ ишлар қилинди, дейиш нотўғри бўлади. Чунки бу ўз-ўзидан ҳали кўп ишлар қилишимизни кўрсатмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат, бу истеъмолчиларда мавжуд имкониятлар, хусусан, етказилиб берилаётган энергия, газни қадрлаш, тежашга кўникма ҳосил қилдиришимиз керак. Масалан, сувни олайлик, оқиб турган сувни ўчиришни ўрганишимиз ва унинг ортидан қанча электр энергияси, меҳнат кетаётганини ҳар биримиз англашимиз зарур.

“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари асосида жойларда янги-янги қувватларнинг барпо этилаётгани ҳам белгиланган устувор вазифалардан. Масалан, жорий йилнинг ўзида Тўрақўрғон, Тахиатош, Навоий иссиқлик электр станцияларининг янги блоклари ишга туширилиши режалаштирилган. Мамлакатимизда биринчи бор давлат-хусусий шериклик асосида Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида электр станциялари қурилаётгани ва унда Туркиянинг етакчи компаниялари иштироки соҳа ривожи йўлидаги катта ишлар десам, хато бўлмайди. Бироқ ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп.

– Албатта, ҳар бир соҳада тажриба ва таҳлиллар муҳим. Шу йилнинг январидан Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида аҳолига етказиб берилган электр энергиясини белгиланган базавий нормалар бўйича ҳисоб-китоб қилиш ишлари амалиётга жорий қилинган эди. Бу борада айни натижалар ижобийми?

– Ҳа, тизим бўйича яхши кўрсаткичлар бор. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида”ги қарори бўйича 2019 йилнинг 1 январидан эксперимент тариқасида Тошкентнинг Юнусобод туманида истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергиясини белгиланган базавий нормаларга асосан ҳисоб-китоб қилиш белгиланган.

Эксперимент натижаларини рақамларда кўрсатадиган бўлсак, жорий йил январь ойида 85 минг 870 нафар истеъмолчидан 72 минг 115 таси (84%) 300 кВт.соатгача (ўртача 1 хонадонга 90,3 кВт.с) электр энергиясини истеъмол қилган ва қолган 13 минг 755 та (16%) истеъмолчи 300 кВт.соатдан кўп (ўртача 1 хонадонга 859,1 кВт.с) электр энергиясини сарфлаган.

Июнь ойида 86 минг 272 нафар истеъмолчидан 74 минг 239 таси (86,1%) 300 кВт.соатгача (ўртача 1 хонадонга 98,8 кВт.с) электр энергиясини истеъмол қилган ва қолган 12 033 та (13,9%) истеъмолчи 300 кВт.соатдан кўп (ўртача 1 хонадонга 1082,8 кВт.с) электр энергиясини сарфлаган.

Энди июнь ойи таҳлили бўйича 300 кВт.соатгача электр энергиясини истеъмол қилувчи истеъмолчилар улуши 84 фоиздан 86,1 фоизга етиб (2,1% ошган), 300 кВт.соатдан кўп электр энергиясини истеъмол қилувчи истеъмолчилар улуши 16% дан 13,9 фоизга тушганини кўрамиз (2,1% камайган). Бунда пул тушуми 60 фоизга ошиб, йўқотишлар кескин камайган. Тажриба ўзини оқлагани учун шу йил якунигача Тошкент, қисман Самарқанд, Бухоро ва Жиззах шаҳарларида мазкур тизим жорий қилиниши кўзда тутилмоқда.

– Муқобил энергия манбалари, хусусан, қуёш электр станцияларини қуриш бўйича бир қанча лойиҳалар тасдиқланган эди. Бу борада нима дейсиз?

– Бизда катта лойиҳалар амалга оширилган ва оширилмоқда. Бироқ шу вақтга қадар қуёш, шамол станцияларини ишга туширмаганимизнинг ўзига хос сабаблари бор. Чунки биз тўғридан-тўғри компаниялар билан ишлаганмиз. Кейин авваллари бу соҳа бўйича ишлаш ва ёндашув тўғри бўлмаган.

Бугунги ислоҳотлар шу йўналишда ҳам янгича қарашларга сабаб бўлмоқда. Бундай лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишда тендерни тарифга эълон қилиш мақбул йўл экан. Жаҳон банки билан ҳамкорлигимиз бундай йирик лойиҳалар устида ишлашга имконият яратади. Дейлик, тендер тарифлари қанча паст бўлса, мамлакат иқтисодиёти учун фойдалидир.

Масалан, Жаҳон банки Африка давлатларида тендерни тарифларга эълон қилиб, қуёш энергетикаси тарифларини 2-2,5 центга туширган. Ана шундай тажрибалар асосида биз ҳам битта тендер эълон қилдик. Бунинг натижаси ёзнинг охиригача маълум бўлади.

ЎзА мухбири

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА

суҳбатлашди