Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.04.2017 13:49 Чоп этиш версияси

АКТ – тадбиркорга кўмакчи

Ахборот технологияларининг жадал ривожланиши жамиятда кечаётган жараёнларга ижобий таъсир кўрсатиб, ислоҳотлар самарадорлигини оширади, аҳоли манфаатларини таъминлашга хизмат қилади, янги-янги имкониятлар эшигини очади. Бу, айниқса, жамиятнинг ишбилармонлик кайфиятини белгилаб берувчи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик секторининг жадал тараққий этишида муҳим омил ҳисобланади.

Мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча соҳаларига, кундалик ҳаётга замонавий ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий қилиш, “электрон ҳукумат” тизимини татбиқ этиш борасида илғор мамлакатлар сафига қўшилишга қаратилган муҳим қадамлар қўйилмоқда. Бизнес субъектларининг давлат хизматларидан фойдаланишида қулайликлар яратишга қаратилган чора-тадбирлар тадбиркорларга вақти ва маблағини тежаш имконини бермоқда, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги муносабатларнинг очиқлигини таъминламоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 октябрдаги «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш жараёнларини мутлақо янги босқичга олиб чиқди.

Қарор талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Электрон ҳукумат» маркази, Адлия, Иқтисодиёт вазирликлари, Давлат солиқ, статистика қўмиталари, Марказий банк, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ва БМТ Тараққиёт дастури кўмагида бизнесни рўйхатдан ўтказишнинг янги тизими ишлаб чиқилди.

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб fo.birdarcha.uz веб-манзилида ишга туширилган тизим орқали ҳам юридик шахс мақомига эга субъектлар, ҳам юридик шахс мақомига эга бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ўз бизнесларини реал вақт режимида давлат рўйхатидан ўтказиши мумкин. Автоматлаштирилган тизим таъсис ҳужжатларини олиш, рўйхатдан ўтиш учун давлат божини тўлаш ва гувоҳнома олиш имконини беради.

Қайд этиш керакки, тизим фойдаланувчиларни “OneID” орқали идентификациялаб, шахсий маълумотлар (паспорт, СТИР, электрон рақамли имзо ва бошқалар) текширилади. Тасдиқ олингандан сўнг бизнесни рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлади. Янги тизим бизнесни исталган ташкилий-ҳуқуқий шаклда рўйхатдан ўтказиш имконини беради.

Тизимдаги яратилган қулайликлардан бири – тўлов учун имтиёзлардир. Агар тадбиркор ўз бизнесини мустақил равишда рўйхатдан ўтказаётган бўлса, белгиланган тўловнинг 50 фоизини амалга оширади. Тўловларни банклар орқали амалга ошириш, шунингдек, «UPay» тўлов тизими воситасида онлайн тўлаш ҳам мумкин.

Муҳими, тадбиркор босқичма-босқич жараён ёрдамида ҳукумат маълумотлар базасида онлайн реестр орқали рўйхатдан ўтади. Гувоҳномаларнинг QR-кодлар билан тақдим этилиши тадбиркорлик субъектининг ҳақиқийлиги, мақоми ва барча маълумотларини текшириш имконини беради. Барча амалдаги тадбиркорлик субъектлари янги намунадаги гувоҳнома олиш ҳуқуқига эга.

Рўйхатдан ўтишдаги ҳамма босқичлар – даъвогарга оид маълумотни олиш, ташкилий-ҳуқуқий шаклни, фирма номини танлашдан то гувоҳнома олишгача бўлган жараён автоматлаштирилган. Фаолият турини танлашда Давлат статистика қўмитасининг янги классификатори қўлланилади.

Юридик шахсни ташкил этишда бирдан ортиқ муассис иштирок этган тақдирда, ҳар бир муассис рўйхатдан ўтказилаётган тадбиркорлик субъектининг муассислар таркибига киришга розилигини тасдиқлайди. Бунда ҳар бир муассисга тасдиқлаш учун электрон хабар юборилади ва муассис унга розилик беради.

Тизимнинг «Электрон ҳукумат» тизимига тўлиқ интеграция қилингани турли ташкилотлар ўртасида маълумотлар алмашиш имконини бермоқда. Масалан, мустақил равишда банк ҳисоб-рақами очилганида барча зарур маълумотлар автоматик тарзда Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат статистика қўмитасига давлат рўйхатига қўйиш учун юборилади.

Интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтаётган тадбиркорлик субъектлари кўпайиб бораётгани янги тизим ишбилармонлар томонидан ижобий кутиб олинганидан далолат бермоқда. Чунончи, 1 апрелдан буён 1 минг 200 га яқин тадбиркор давлат рўйхатидан ўтиш учун ана шу интерактив хизматдан фойдаланган.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
2 612






Все о погоде - Pogoda.uz