ЎзА Ўзбек

15.01.2019 14:47 Чоп этиш версияси

Қадри баланд сўз

Қадри баланд сўз

Яхши гап, муваффақиятга эришиш кишига ёқади. Келгусида истиқболли режалар тузишда маёқ вазифасини бажаради. Бир йил аввал... Кун ботиб, қош қорайган. 

photo5327943373941746133.jpg

Сафардаги яна бир кун ниҳояланди. Тунаш учун бошқа бир манзилга йўл олдим. Эртадан-кечгача тинмай юравериб, оёқда оёқ қолмади. Чарчоқ аломатлари сезилди шекилли, ҳайдовчи “клиент” йиққунча мудроқ босибди денг. Бир маҳал гангир-гунгурдан уйғониб кетдим. Қарасам, йўлга тушаяпмиз. Ҳамма ўрнашиб олган: фақат ҳайдовчи сигарет тутунини босиб-босиб тортмоқда. Йўловчиларни куттириб қўяётганидан хижолат тортаётгандек гўё.

photo5327943373941746134.jpg

Серқатнов кўчадан бир амаллаб ортга қайрилиб, катта йўлга тушдик. Кеч кирган бўлса-да, ён-атроф гавжум. Кимдир уйига, яна кимдир бошқа бировнинг ҳожатини чиқаришга шошилгани-шошилган. Рўпарадан келаётган машина чироғидан тушаётган ёруғлик кўзни қамаштиради. Машинада эса пала-партиш ҳол сўрашишлар, турфа олди-қочди гаплар авжида. Бемажолман: агар кимдир бармоғи билан туртиб юборса, қулайдиган даражада. Лекин... Ҳайдовчининг баландлаган овозидан чўчиб, ўзимга келдим. 

photo5327943373941746136.jpg

Сочи таги билан қирдирилган, олифтанома киши менга тикилди. У қорамағиз, қотмадан келган, ўрта бўй, қирқ-қирқ беш ёшларда. Енгил уст-бош кийиб олган. Ҳар замонда қўли билан бошини силаб қўяди. Буям етмагандек баъзан кифтини учиради.

Машинани тезлатиб, гап бошлади.

– Бир куни (тахминан, бундан уч-тўрт йил муқаддам) хорижда, иш бошқарувчилардан рухсат олиб, нуфузли брендга эга хориждаги дўконлардан бирини айландим. Беш дона турли хил кўринишли футболкаларнинг ҳар бирини эллик доллардан қимматроққа сотиб олдим, – деди майин куй сеҳрига тебраниб кетаётган ҳайдовчи. – Бир-биридан бежирим, сифатли ишланган кийимларга маҳлиё бўлдим. Квартирага келиб, ҳалиги футболкалардан бирини устимга илиб олдим. Иш билан овора бўлиб, ҳеч нарсани пайқамабман. Бир маҳал мезбон шеригим футболкага қараб, бошмолдоғини тикка қимирлатиб, “зўр-ку” деган ишорани берди. Тасдиқ маъносида бош ирғадим. 

photo5327943373941746135.jpg

Ишни тугатиб, ётоққа кирдим. Ойнага боқдим. Жуда ҳам ярашибди. Ёнига тикилган ёрлиғини излаб топдим. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ҳайратдан тилим музлади. Ёзувга қайта-қайта кўз югуртираман: ўша-ўша. Тезда бошқаларини ҳам шкафдан олдим-у, бўшашиб деворга суяниб қолдим.

Наҳотки... Ярим кун растама-раста излаб топганим, кўпчиликнинг кўзини қувнатаётган кийимлардаги ёрлиқ ёзуви менга таниш сўз бўлса-я?! Кўзларимга суртдим. Юрагим дук-дукини эшитдим. Ёрлиққа лабимни босдим... 

Made in Uzbekistan…

Вужудим оралаган қаттиқ ҳаяжондан кўзимга ёш келди... Азизим, узоқ юртда, мусофирчиликда ғоятда қадри баланд бу сўзнинг: 

Made in Uzbekistan…

photo5327943373941746137.jpg

Бу сўзларидаги улуғвор кайфият йўловчиларга ҳам юқди чамамда: ҳамма жим. Қарама-қарши келаётган машиналар чироғининг ёруғида ҳайдовчининг пешонаси, кўзлари, лабларининг ёнидаги чуқур чизиқлар яққол сезилди. Ажин эрта из солибди. Унинг болаларча беғубор қувончидан кўнглимга маъюслик инди. Бешафқат ҳаёт ташвишларига ён бермай келаётган киши қиёфасида сабрнинг қоялардан юксакроқ аксини кўрдим. Аслида-ку, ажиб ҳолат. Аммо тутаб кетдим. Боиси битта: унинг нафақат қалбини, балки ҳаётини ҳам мажруҳлаган борлиқ таомилларига тан бермадим. Шартмиди, етдим деганда, тўкилиши?! Тўғрими, дўстим, биродарим? Беайб Парвардигор. Шунда сир-синоатга тўла олам қонуниятлари билан зинҳор ўчакишиб бўлмаслигига яна бир карра амин бўлдим.

У пул топамиз, биримиз икки бўлади, деб олиб кетган бир эмас, икки нафар укасини беиз йўқотганини ўксиб-ўксиб айтиб берди... Узр, бироз чалғидим. Муддао бўлакча эди-а?!

Э-эҳ! Юракка оғриқ йўллаган кайфият бир зумда ўзгарди: яхши томонга. 

– Бизнинг вилоятимизда, “Момиқ сочиқ” деган корхона бор. Маҳсулотларига гап йўқ. Талаб катта: ички бозорда ҳам талаш. Кўпчилик танишларимнинг айтишича, экспорти ҳам анча илдамлаб қолибди. Чет элникидан сира ҳам қолишмайди. Ўзим сотиб олдим. Сифатини кўриб, ҳайратландим. Қойил-е! Балли, балли, – деди ҳайдовчи Айюбхон бошини қуйи солиб. Яна қандайдир муҳим гапи бору, айтолмагандай, узоқ тараддудланиб давом этди. – Укаларим ёнимда бўлганда, мен ҳам ишлаб чиқариш цехини очармидим, балки... Ҳозир ҳам яхши ғоям бор. Анчадан буён ўйлаб юрибман. Кўрамиз, омон бўлсам, шу цехни ишга тушираман. Ҳозир ишлайдиган давр.Тинчимаганнинг тинадиган замони келди-да!

Қаранг, қандай сабот, ирода, ўзига бўлган ишонч бор-а?! Бугун она ватанимизда бу каби эзгу мақсадлар билан яшаётган ҳамюртларимиз озмунчами?! Уларга йўл-йўриқ кўрсатиб, яқиндан мадад берилса бас, диёримиз янада оламжаҳон юксалишларга юз тутади. Бу борада туб ислоҳотлар амалга оширилаётганининг шоҳидимиз, албатта. 
Машина бекатда тўхтади. Қўлимга сумкамни олиб, ҳамроҳлар билан хайрлашдим.

Ўтиравериб диққинафас бўлганимданми, ўпкамни тўлдириб, тўйиб-тўйиб нафас олдим. Кечки овқат маҳали узоқ ўйга чўмдим. Яратилаётган имкониятлар хусусида чуқур мулоҳазага толдим. Инсоннинг беками-кўст умр кечириши учун бундан ортиғи бўлмаса кераг-ов, деб пичирладим ўзимга ўзим. 

Тунги шаҳарнинг ёрқин кўриниши кишига завқ бағишлайди. Боласини оҳиста етаклаб кетаётган онага термилиб қоламан. Мана шу бахтиёрлик эмасми? Шукр, дейман руҳим кўтарилиб. Чарчоқларим тарқайди. Теран фикрлар қуйилиб келади. Янгидан-янги режалар пайдо бўлаверади. Мақсад ҳам аниқ.

Ғайрат Ширинов, ЎзА​
5 945