Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

12.06.2019 11:19 Чоп этиш версияси

АҚШнинг биринчи сeртификатланган савдо миссияси ташрифини ташкиллаштириш масалалари муҳокама қилинди

АҚШнинг биринчи сeртификатланган савдо миссияси ташрифини ташкиллаштириш масалалари муҳокама қилинди

2019 йилнинг 7 июнь куни мамлакатимизнинг Вашингтон шаҳридаги элчихонасида биринчи сертификатланган АҚШ савдо миссиясининг Ўзбекистонга ташрифини амалга оширишга тайёргарлик жараёнини муҳокама қилиш мақсадида АҚШ Савдо вазирлигининг Евроосиё мамлакатлари офиси директори Метю Эдвардс билан учрашув бўлиб ўтди.

2018 йилнинг октабрь ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ савдо вазири Уилбур Росс ўртасида бўлиб ўтган музокаралар давомида эришилган келишувларга мувофиқ 18-20 июнь кунлари бўлиб ўтадиган савдо миссияси АҚШ Савдо вазирлиги томонидан Америка савдо палатаси ҳамда АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси билан биргаликда ташкил этилмоқда.

Бизнес-миссия таркибига истеъмол товарлар ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, қурилиш, геология, металлургия, авиация, логистика, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, дастурий таъминот ва таълим каби соҳаларда фаолият юритадиган АҚШнинг 20 га яқин йирик компаниялари киритилиши режалаштирилмоқда.

Бугунги кунгача 13 та компания мазкур миссияда ўз иштирокини тасдиқлади. Улар орасида АҚШнинг энг йирик 500 корпорациялари рўйхати – «Fortune 500» таркибига кирувчи гигиена, косметика ва маиший техника ишлаб чиқариш бўйича трансмиллий конгломерат «Procter&Gamble», тиббий ускуна ва фармацевтик препаратлар ишлаб чиқаришда етакчи, 160 мамлакатда фаолият юритадиган ва юрак етишмовчилигини даволаш учун кардиостимулятор ишлаб чиқаришда дунё лидери ҳисобланадиган «Medtronic» ҳамда бутун дунё бўйлаб 25 мингга яқин йирик лойиҳаларни амалга оширган, жумладан узунлиги бўйича дунёда 3-ўринда турадиган Ла-Манш остидан ўтувчи темир йўл туннели, Гонконг ва Доҳадаги (Қатар) халқаро аэропортлар қурилишида иштирок этган машҳур «Бечтел» қурилиш фирмаси бор. Савдо миссиясида жами 25-30 га яқин АҚШ бизнес вакиллари иштироки кутилмоқда.

АҚШ компаниялари ташрифи доирасида «G2B» ва «В2B» шаклларида бизнес-форум ва кооперацион биржа ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Умуман олганда мазкур ташриф икки мамлакат бизнес-ҳамжамиятлари ўртасида кўп қиррали шерикчиликни кенгайтириш учун платформага асос солиши кутилмоқда. Музокаралар давомида кузда Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-АҚШ бизнес форуми доирасида қатъий битим шаклида расмийлаштириш мумкин бўлган аниқ амалий натижаларга эришиш режалаштирилмоқда.

ЎзА