ЎзА Ўзбек

26.03.2019 Чоп этиш версияси

АҚШлик ҳамкорлар билан 32,4 миллион долларлик 500 та трактор ишлаб чиқарилади

АҚШлик ҳамкорлар билан 32,4 миллион долларлик 500 та трактор ишлаб чиқарилади АҚШнинг “JOHN DEERE” компанияси вакиллари “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамиятига ташриф буюрди. Учрашувда томонлар қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ва яқин истиқболдаги вазифалар хусусида фикр билдирди. Шунингдек, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда хорижий давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти тизимидаги “Агротехмаш-ДД” масъулияти чекланган жамияти ҳам ана шундай ҳамкорликнинг ёрқин ифодасидир. Айни пайтда мазкур корхонада “JOHN DEERE” брэнди остида турли русумдаги тракторлар, пахта териш машиналари ишлаб чиқарилмоқда. 2018 йилда корхонада 300 дона трактор ва пахта териш машиналари ишлаб чиқарилиб, ҳудудлардаги деҳқон ва фермер хўжаликларига етказиб берилди.

– “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” акциядорлик жамияти ва “JOHN DEERE” компанияси ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ, умумий қиймати 32,4 миллион долларлик 500 дона трактор ишлаб чиқариш юзасидан саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда, – дейди “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Мухтор Каримов. – Бу, ўз навбатида, деҳқоннинг оғирини енгил, ҳосилининг баракали бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Ташриф доирасида меҳмонлар “ЎзКлаасАгро” Ўзбекистон–Германия қўшма корхонаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Уларга бу ерда амалга оширилаётган янги лойиҳалар, яратилган шароит ҳақида батафсил маълумот берилди.

6 030
Абдулазиз Мусаев, ЎзА