Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.08.2018 14:37 Чоп этиш версияси

АҚШ корпорацияси Ўзбекистон билан нефть ва газ соҳасида ҳамкорлик қилади

АҚШ корпорацияси Ўзбекистон билан нефть ва газ соҳасида ҳамкорлик қилади
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Алишер Султонов “Halliburton” компаниясининг шарқий яримшар бўйича президенти, жаноб Жо Рей билан учрашди.

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида бўлиб ўтган учрашувда томонлар ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари муҳокама этилди.

“Halliburton” АҚШ трансмиллий корпорацияси бўлиб, дунёнинг нефть ва газ қазиб олиш соҳасида хизмат кўрсатувчи йирик компаниялардан биридир. 

“Halliburton” компаниясининг шарқий яримшар бўйича президенти, жаноб Жо Рейнинг таъкидлашича, компания мамлакатимиз бозорига киришга бир неча бор ҳаракат қилган. Бугун Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ана шу имкониятни яратган. Компания узоқ муддатли ҳамкорлик қилишга тайёрдир.

Учрашувда “Halliburton” компанияси Ўзбекистонда доимий офисини очиши, паст рентабелли қудуқлардан суюқ углеводородларни қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича ҳамкорлик режасини ишлаб чиқиш ва ташқи бозорлардаги лойиҳаларда қўшма иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА