Аҳолига имтиёзли кредитлар
Чорвачилик, паррандачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, аҳолига маиший ва транспорт хизматлари кўрсатиш, савдо-сотиқни йўлга қўйиш сингари оммабоп тадбиркорлик йўналишларига тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар қулай шартлар ва қисқа фурсатларда тақдим этилмоқда.
Чорвачилик, паррандачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, аҳолига маиший ва транспорт хизматлари кўрсатиш, савдо-сотиқни йўлга қўйиш сингари оммабоп тадбиркорлик йўналишларига тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар қулай шартлар ва қисқа фурсатларда тақдим этилмоқда.Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Халқ банки томонидан мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Банк ходимлари ҳар бир хонадонга кириб, аҳолининг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун мавжуд имконият ва шароитларни ўрганмоқда. Одамларнинг бу соҳадаги қизиқиш ва кўникмалари, тадбиркорликка оид ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида намунавий бизнес лойиҳалари тарқатилмоқда.
Бугунги кунга қадар 940 мингдан зиёд хонадон ўрганиб чиқилиб, 138 мингдан ортиқ киши тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган.
16 минг 771 фуқарога чорвачилик, 2 минг 91 фуқарога паррандачилик, 834 фуқарога иссиқхона ташкил этиш, 596 фуқарога мевали дарахт ва узумчиликни ривожлантириш, 600 дан ортиқ фуқарога бошқа тадбиркорлик йўналишлари учун банк томонидан 134 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағи ажратилган.
2016 йилда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида банк томонидан 2 минг 806 фуқарога 164 миллиард 500 миллион сўмлик кредитлар берилган. Натижада 2 минг 200 дан ортиқ иш ўрни яратилган.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган уй-рўзғор буюмлари, маиший техника воситаларининг арзон ва қулайлиги аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Банк томонидан ўтган йилда шу турдаги товарларни харид қилиш учун 17 минг 500 дан зиёд кишига 97 миллиард 800 миллион сўмлик истеъмол кредитлари тақдим этилган.
– Имтиёзли кредит шартларининг қулайлиги менга қорамоллар сонини бир неча бошга кўпайтириш имконини берди, – дейди Тошкент вилояти Зангиота туманида истиқомат қиладиган Расулжон Қодиров.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига мутахассислар жавоб қайтарди.