ЎзА Ўзбек

18.12.2015 10:55:19 Чоп этиш версияси

Аҳоли дастурхони тўкин

Самарқанд вилояти деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларида Янги йил байрами олдидан қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ўтказилмоқда.

Аҳоли дастурхони тўкин-сочинлигини таъминлаш, бозорда нарх барқарорлигини сақлаш мақсадида ташкил этилган анъанавий ярмаркага вилоятдаги таъминотчи корхоналар, агрофирма ва фермер хўжаликлари, паррандачилик фабрикалари бириктирилган. Уларга ҳар бир савдо нуқтасида тўлов терминали ўрнатиш, маҳсулотни сифатли ва арзон нархда етказиб бериш ҳамда юксак савдо маданияти асосида сотиш бўйича вазифалар белгилаб берилган.

Самарқанд шаҳридаги беш деҳқон бозори ҳамда Фарҳод, Кимёгарлар ва Сўлим шаҳарчаларида ана шундай ярмаркалар фаолият олиб бормоқда. Ушбу масканларда арзонлаштирилган маҳсулотлар сотувини йўлга қўйиш учун уларнинг ҳар бирига иккитадан туман масъул ҳисобланади.

Сиёб деҳқон бозори ҳудудидаги байрам ярмаркасига Самарқанд ва Оқдарё туманлари фермер хўжаликлари томонидан мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари, сут, тухум ва балиқ етказиб берилмоқда. “Каттақўрғон парранда” масъулияти чекланган жамияти эса парҳез гўшт савдосини йўлга қўйган.

– Ҳудудимиздаги йигирмага яқин фермер хўжалиги белгиланган жадвал асосида ярмаркада ўз маҳсулотларини сотмоқда, – дейди Самарқанд туманидаги “Наврўз” агрофирмаси раиси Ориф Ҳасанов. – Савдога чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми музлаткичли омборларда сақлангани ва ҳар куни келтириб сотилаётгани учун ҳам сифати юқори. Нархи харидорларга манзур.

– Бозорга келаётганимда байрам олдидан нархлар кўтарилиб кетгандир, деган ўйда эдим, – дейди Назира Муҳсинова. – Лекин ярмаркада маҳсулотлар анча арзон сотилаётган экан. Рўзғор учун зарур мева-сабзавот, гўштни шу ердан харид қилдим. Ярмарка ташкилотчиларидан миннатдормиз.