ЎзА Ўзбек

10.07.2020 Чоп этиш версияси

6 йил аввал вафот этган қиз учун тўлов амалга оширилган

6 йил аввал вафот этган қиз учун тўлов амалга оширилган

Шоҳиста Санақулова Зарафшон шаҳридаги аҳоли ётоқхоналаридан бирида истиқомат қилади. Маълумки, ётоқхоналарда ўрин жойи учун тўловлар мавжуд. Аслида бу тўловлар рўйхатда бўлган ва ўрин-жойни банд этганлардан ундирилади. Аммо, Ш.Санақулова вафот этган қизи учун ҳам ана шундай тўлов қилиб келган. Ваҳоланки, онанинг фарзандини ерга қўйганига 6 йил бўлган. Тўловни ундиришга асос эса қизнинг ҳамон тириклар рўйхатида юргани эди.

- Қизим туғма юрак нуқсони билан дунёга келган. Бир кун ҳам уйга борганимиз йўқ. 6 ой давомида шифохонада ётдик. Унга яхши қарашгани билан натижа бўлмагандан сўнг йўлланма орқали бошқа шаҳарга кўрсатишга олиб кетаётганимизда болам йўлда вафот этди. Асли хатирчиликмиз. Шунинг учун тўғри Хатирчи қабристонига бориб қизимни кўмдик, - дейди Ш.Санақулова.

Бу воқеа 2014 йилда юз берган. Шундан буён фуқаро қизининг ўлгани тўғрисидаги гувоҳномани ололмаган. Унинг Зарафшон шаҳар адлия бўлимига мурожаатидан сўнг ҳолатни бартараф этиш чоралари изланди.

- Ўлим тўғрисидаги гувоҳнома 2 ҳолатда берилиши мумкин. Оила кодексининг 225-моддасида кўрсатилганидек, бундай пайтда тиббиёт ходимининг ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаси ёки суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарори керак. Юқоридаги каби вазиятда тиббий гувоҳнома олиш имконсиз. Чунки шифокор чиндан ҳам болада ўлим ҳолатини қайд этмаган. Ягона йўл суднинг ҳал қилув қарорига эришиш эди. Биз ана шу йўлни танладик ва керакли далилларни тўпладик, - дейди Зарафшон шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси Ориф Насиров. Бунда Навоий вилоят ФҲДЁ архиви, Хатирчи тумани ФҲДЁ бўлими, Хатирчи тумани Ободонлаштириш бошқармаси, Зарафшон шаҳар тиббиёт бирлашмаларидан тегишли ҳужжатлар йиғилиб, Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судига адлия бўлими томонидан даъво аризаси киритилди.

Фуқаро мурожаати қаноатлантирилгач, тўловлар масаласида юзага келган тушунмовчиликларга ҳам чек қўйилди.

Навоий вилояти адлия бошқармаси
Ахборот хизмати

7 717
ЎзА