Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.09.2017 14:46 Чоп этиш версияси

5 сентябрдан Самарқанд вилоятида 83 валюта айирбошлаш шохобчаси иш бошлади

Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 5 сентябрдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга чет эл валютасини банклар орқали эркин сотиб олиш ва сотиш йўлга қўйилди.

Самарқанд вилоятидаги банклар томонидан ҳам бундай операциялар амалга оширилмоқда.

– Мазкур ҳужжатга кўра, эндиликда юридик шахслар ўз маблағини банкда жорий халқаро валюта операциялари, жумладан, товар, иш ва хизматлар импорти, фойдани репатриация қилиш, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатларини тўлаш ва бошқа савдо характерига эга бўлмаган операцияларни амалга ошириш учун чет эл валютасига чекловларсиз эркин конвертация қилиши мумкин, – дейди Марказий банк Самарқанд вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Ҳайдаров. – Жисмоний шахслар ҳам тижорат банкларининг конверсион бўлимларида чет эл валютасини эркин сотиб олиши, сотиб олинган маблағларни халқаро тўлов карталарига ўтказиб, улардан хорижда ҳеч қандай чекловларсиз, жумладан, банк ҳисобварақлари орқали хорижда ўқиш, даволаниш ва бошқа мақсадлардаги тўловлар учун фойдаланиши мумкин.

Халқ истеъмоли товарларини импорт қилиш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар эса банклардаги ҳисобварақларида савдо тушуми ва бошқа даромадларини жамғариб борган ҳолда, кейинчалик уни жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда, яъни сотиб олинган валюта маблағини халқаро тўлов карталарига ўтказиш ва чет элда чекловларсиз, жумладан, товарларни импорт қилиш учун ишлатиш имкониятига эга бўлди. Энг муҳим янгиликлардан яна бири – мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча экспортчи корхоналарнинг чет эл валютасидаги тушумини мажбурий сотиш талаби бекор қилинди. Хорижий валютада даромад олувчи юридик шахс ташкил этмасдан фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек, фермер хўжаликлари ўз банк ҳисобварақларидаги чет эл валютасини нақд кўринишда ҳам олиши мумкин.

5 сентябрдан вилоятда 83 валюта айирбошлаш шохобчаси иш бошлади. Уларнинг 60 таси тижорат банклари филиал ва мини-банкларида жойлашган бўлса, қолганлари меҳмонхоналар, бозор ва савдо мажмуалари, аэропорт ва темирйўл вокзалида ташкил этилди. Мижозларга қулайлик яратиш ва уларнинг вақтини тежаш мақсадида шохобчаларда иш икки навбатда йўлга қўйилди. Байрам ва дам олиш кунларида эса узайтирилган иш тартиби жорий этилди.

– Ўғлим хорижда ишлайди, – дейди тайлоқлик Эгамберди Жўраев. – Банк жўнатмаси орқали доллар юборган экан. Бугун Миллий банк Самарқанд филиалидан ушбу пулни олиб, шу ернинг ўзида сўмга алмаштирдим. Шу пайтгача долларни кўчада айрим кишилар айтган нархда сотиш ёки сотиб олишга мажбур эдик. Энди банкда валюта эркин алмаштирилиб, аниқ нарх белгилангани барчага манзур иш бўлди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
4 894






Все о погоде - Pogoda.uz