ЎзА Ўзбек

03.12.2018 14:35 Чоп этиш версияси

​395 гектарнинг тақдири нима кечади?

​395 гектарнинг тақдири нима кечади?

Фермер хўжаликлари фаолиятига ҳам илм-фан ютуқлари ва янгиликлар изчил қўлланилаётгани муваффақиятлар гарови бўлаётир. Ҳозирда бир қатор илғор технологиялар мавжуд бўлиб, замонавий, ресурстежамкор иссиқхоналар ташкил этиш, тизимда томчилатиб суғоришни оммалаштиришга айниқса алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Томорқа эгалари ҳам ўз хўжалигида янги инновацион технологияларни жорий этмоқда. Мисол учун, иссиқхонада газ ёки электр токининг ўрнига қуёш энергиясидан фойдаланиб, иситиш. Ҳозирда Оққўрғон туманида фермерлар қуёш энергиясидан фойдаланиб, боғдорчиликда томчилатиб суғоришдан фойдаланмоқда.

– Биз соҳага инновацияларни татбиқ этишда яна бир қадам олдинладик, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг ўринбосари Фахриддин Кушанов .– Куни кеча Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг Қува туманидаги 395 гектарда жойлашган Фарғона илмий-амалий станцияси мулки мавжуд экинзорлари билан бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан бизга берилди.

Бу ерда бир қатор инновацион технологияларнинг намуналари яратилади. Ҳудудда намунали иссиқхоналар, лабараториялар, ҳовузлар ва бошқа ишлаб чиқариш тизими ташкил этилади. Мисол учун, 15 хилда иссиқхона бўлади. Майда шохли молларни кўпайтиришни интенсив усуллари, ўсимликларни инвитро лабораториясини ташкил этиш кўзда тутилган. Етиштириш қийин бўлган мевали дарахтларни тезроқ ва сифатли етиштириш имкони яратилади. Мазкур инновацион усуллар асосида кейинчалик фермерлар ва томорқа эгаларига кўргазмали тажриба участкалари жорий этилади.

Бунинг учун эса аграр соҳада таълим олаётган талабалар шу ерда амалиёт ўтайди. Қишлоқ жойларда қишлоқ тизими ва дам олиш турларини ривожлантиришга кўмаклашилади.

Қисқа қилиб айтганда, мазкур майдонларда Лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар, Картошка етиштирувчилар, “Ўзпаррандасаноат”, “Ўзбалиқсаноат”, Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси ҳам илмий-тадқиқот ишларини олиб боради.

Сайёра Шоева, ЎзА​
4 630