ЎзА Ўзбек

14.11.2018 Чоп этиш версияси

250 минг АҚШ доллари сутни қайта ишлаш учун кам эмасми?

250 минг АҚШ доллари сутни қайта ишлаш учун кам эмасми? Лойиҳа ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш, молиявий барқарорлигини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналари, деҳқон ва фермер хўжаликларини тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида Халқаро форум ва тренинглар ташкил қилиш режалаштирилган.

Қашқадарёда “Ўзбекистоннинг сутчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш” ҳамда “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик секторини ривожлантириш” лойиҳалари доирасида кўргазмали форум ташкил этилди.

Форумда иштирокчиларга чорвачилик соҳасидаги халқаро экспертлар ва маҳаллий тадбиркорларнинг бизнес юритишдаги эришаётган ютуқлари ҳамда энг асосийси соҳага жалб қилинаётган халқаро молия институтларининг узоқ муддатли ва имтиёзли кредит маблағлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Президентимизнинг 2017 йил 22 февралдаги “Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фонди иштирокида “Ўзбекистоннинг сут секторида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш“ лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги ҳамда 2017 йил 16 сентябрдаги “Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт ассоциацияси иштирокида “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик секторини ривожлантириш“ лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарорлари асосида амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим аҳамият касб этади.

2 (1).jpg

– Мазкур лойиҳалар доирасида Қашқадарё вилоятига 2017 йилда 11,4 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилган бўлса, 2018 йилда 30 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигининг лойиҳалар раҳбари Шуҳрат Тошев. – Натижада, вилоятда 850 гектар майдонда интенсив боғ, 27,3 гектар майдонда иссиқхона, 26,4 минг тонналик музлаткичли омборхоналар, 4,6 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси, 1 минг 587 бош наслли қорамол, йиллик 15,3 минг тонна сутни қайта ишлаш ва омихта ем ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилмоқда. Лойиҳа ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш, молиявий барқарорлигини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналари, деҳқон ва фермер хўжаликларини тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида Республикамиз ҳудудларида Халқаро форум ва тренинглар ташкил қилиш режалаштирилган. Қашқадарё вилоятида ҳам Италия ва Польшадан келган халқаро экспертлар ва маҳаллий мутахассислар иштирокида халқаро форум ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги томонидан аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш, соҳага халқаро молия институтларининг имтиёзли маблағларини жалб этиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бир қатор халқаро молия институтларининг узоқ муддатли ва имтиёзли кредит маблағлари жалб этилаётир.

Ушбу маблағлар республикамизнинг барча ҳудудларида мева-сабзавотчилик, чорвачиликни ривожлантириш, соҳага янги замонавий техника ва технологияларни жалб қилиш, маҳсулотларни етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлашни халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, пировардида тадбиркорларнинг экспорт салоҳиятини янада оширишга йўналтирилаётгани билан аҳамиятлидир.

– Агентлик кўмаги билан тижорат банкидан 250 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиб, сутни қайта ишлаш цехи ва йирик чорвачилик комплекси ташкил қилишни мўлжаллаганмиз, – дейди Чироқчи туманидаги “Ҳайитгул қаймоқ-сут” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Эшмирзаев. – Ҳозирда сутни қайта ишлаш цехимиз ишга тушди. Ушбу маблағ эвазига хориждан замонавий технология олиб келинди. Туман ҳокимлиги томонидан ноль қийматда ажратилган бинони қайта реконструкция қилиб, ускуналар жойлаштирилди. Айни пайтда кунига 5 тонна сут қайта ишланаётган корхонамизда сметана, қаймоқ, қатиқ, бринза каби 6-7 турдаги сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. “Диёр милк” бренди остида ишлаб чиқарилаётган табиий маҳсулотларимиз тумандаги болалар боғчалари, йирик савдо дўконларига тарқатилмоқда. Ускуналар жуда тежамкор ва сифатли. Кунига 10 тоннагача сутни қайта ишлаш қувватига эга. Аммо ҳозирча чорвачилик тармоғимиз ишга тушмагани боис тўла қувват билан ишлай олганимиз йўқ. Сут аҳолидан махсус машиналарда йиғиб олинмоқда. Лойиҳамизда 250 бош наслли қорамол боқишга мўлжалланган чорвачилик фермаси қуриш ҳам режалаштирилган. Бу борадаги ишларни ҳам бошлаб юборганмиз.
Ҳозирда фермани қуриш ва четдан наслли мол олиб келиш бўйича ҳужжатлаштириш ишлари якунига етказилмоқда. Бугунги форум, чорвачилик борасидаги жаҳон тажрибаси менда катта таассурот қолдирди.

4 (1).jpg

5.jpg

“Ўзбекистоннинг сут секторида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер ва деҳқон хўжаликларига сутчилик тармоғидаги суб-лойиҳаларни амалга оширишлари учун иштирок этувчи тижорат банклари орқали имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши кўзда тутилган. Лойиҳа Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида 2017 йилдан – 2022 йилгача амалга оширилади. Кредит маблағлари 5 йилгача, 1 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда сутчилик йўналишидаги йирик шохли моллар, сут маҳсулотларини қайта ишлаш, махсус техника, ветеринария ва бошқа йўналишларга ажратилади. Кредитнинг максимал миқдори ҳар бир қарз олувчига 250 минг АҚШ долларини ташкил этади.

“Ўзбекистон Республикасида чорвачилик секторини ривожлантириш“ лойиҳаси доирасида эса қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер ва деҳқон хўжаликларига чорвачилик тармоғидаги суб-лойиҳаларни амалга оширишлари учун иштирок этувчи тижорат банклари орқали имтиёзли кредит маблағлари ажратилади. Ушбу лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда 2017 йилдан 2022 йилгача амалга оширилади. Кредит маблағлари 10 йилгача, 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда йирик ва майда шохли моллар, йилқичилик, туячилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, қадоқлаш, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, ем ишлаб чиқариш, ветеринария ва бошқа йўналишларга ажратилади.



3 333
Ў.Баротов, Ж.Норқобилов (сурат), ЎзА