Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.12.2017 18:30 Чоп этиш версияси

2022 йилгача Самарқанд вилоятида бешта туман субвенциядан чиқарилади

Самарқандда “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини ошириш ва субвенциядан чиқаришнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Ушбу йўналишда ЎзЛиДеП томонидан Банк-молия академияси ва Ўзбекистон иқтисодчилар жамияти билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Самарқанд вилояти туманларини субвенциядан чиқариш жараёнини партия томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ ўрганиб, ижро ҳокимияти органларига зарур тавсиялар берган.

– Пайариқ туманини атрофлича ўрганиш натижасида 2017-2021 йилларда туманда гўшт, сут, мева-сабзавотни қайта ишлаш, қурилиш материаллари ва трикотаж матолар, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш асосида бу вазифани бажариш имконияти мавжудлиги аниқланди, – дейди Ўзбекистон иқтисодчилар уюшмаси раиси Ш.Тешаев. – Белгиланган режаларнинг амалга ошиши туманда 2021 йилга бориб аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2 миллион 150 минг сўмга ёки 2,3 мартага, халқ истеъмоли моллари 1 миллион 725 минг сўмга ёки 1,8 мартага кўпайишини кўрсатди. Шунингдек, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишларида ҳам жиддий ўсиш кузатилади. Бошқа туманларни субвенциядан чиқариш бўйича ҳам шундай имкониятлар мавжуд.

Давра суҳбатида Самарқанд вилоятининг субвенцияда бўлган туманлари табиий, иқтисодий имкониятлари ва инсон салоҳиятидан, қурилиши тугалланмаган объектлар ва ер майдонларидан оқилона фойдаланиш, ҳудудларнинг экспорт имкониятларини кенгайтириш, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа фаолият турларини ривожлантириш, тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали ҳолатни ўнглаш истиқболлари таҳлил этилди.

2018 йилда Нуробод, 2019 йилда Қўшработ ва Тайлоқ, 2020 йилда Булунғур, 2021 йилда Нарпай туманларини субвенциядан чиқариш билан боғлиқ дастурлар атрофлича муҳокама қилиниб, кўзланган натижага эришиш имконини берувчи омиллар санаб ўтилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
7 645