ЎзА Ўзбек

08.11.2018 20:20 Чоп этиш версияси

2019 йил 1 январдан жисмоний шахсларга 5 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган товарларни божхона декларацияси тақдим этмасдан мамлакатимиздан олиб чиқишга рухсат этилади

Бу ҳақда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида Президентимизнинг “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тарғиботига бағишланган давра суҳбатида таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда таъкидланганидек, мазкур фармони тадбиркорлик субъектлари учун катта имкониятлар яратади. Хусусан, улгуржи савдони амалга ошириш фаолиятини лицензиялаш ва савдо корхоналарини солиққа тортишнинг махсус тартиби, акциз солиғи солинадиган товарларнинг айрим турларини (автомобиль, ўсимлик ёғи ва бошқалар) сотишдан тушадиган тушумлар ҳисобини юритиш ва ундан фойдаланишнинг махсус тартиби ҳамда кўчма савдо учун рухсатнома олиш талаби бекор қилинди.

Бундан ташқари, давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхоналар билан шартномалар бўйича ички бозорда олдиндан 15 фоиз тўловни амалга оширишга доир талаб, келишишнинг хабардор қилиш тартибини жорий этган ҳолда, маҳсулотларни биржа савдосига чиқариш жадвалларини Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишишнинг амалдаги тартиби ҳам бекор қилиняпти.

Фармонга мувофиқ, 1 ноябрдан бошлаб нақд пул тушумини топшириш ва ундан фойдаланиш тартиби ҳам кескин соддалаштирилди. Жумладан, энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан ортиқ миқдорда кунлик ўртача нақд пул тушуми бўлган хўжалик юритувчи субъектлар нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ёки мустақил равишда кунлик топшириш имконияти яратилди.

Шунингдек, товар-хомашё биржаларига биржада сотиладиган маҳсулотларни сақлаш ва логистика қилиш, шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича шўъба хўжалик бирлашмаларини тузиш, импорт бўйича олиб келинган юқори ликвидли маҳсулот турларини, эгаларининг хоҳишига кўра, ички бозорда, шу жумладан, биржа савдоларида чекловларсиз сотиш тартиби жорий этилмоқда.

Эндиликда ўз маҳсулотларини хорижга экспорт қилаётган корхоналар интернет тармоғи орқали битта инвойс бўйича 5 минг АҚШ долларигача товар (хизмат)ларни экспорт қилишда харидор билан ёзма шартнома тузиш талаб этилмайди. Барча юридик ва жисмоний шахсларга умумқабул қилинган халқаро амалиётга мувофиқ, ҳисобот юритган ҳолда, Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига ахборот киритмасдан ҳамда почта алоқа хизматлари кўрсатиш қоидаларига мувофиқ, юкнинг божхона декларациясини расмийлаштирмасдан амалга оширишга рухсат этилади.

Фармонга мувофиқ, иқтисодиёт вазирлиги ҳузурида тармоқ бозорлари ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш тадқиқотлари маркази ташкил этилади. Мазкур марказ республикамизда ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар) номенклатураси ва турлари тўғрисида хўжалик юритувчи субъектларга ахборот бериш учун мунтазам янгиланиб бориладиган электрон-ахборот порталини яратиш, ички ишлаб чиқариш қувватлари, товарларга бўлган талаб ва таклифларнинг ҳажмлари, шунингдек, ишлаб чиқариладиган ва истеъмол қилинадиган маҳсулотга ички бозорда нархларнинг ўзгариши ҳақидаги маълумотлар базасини шакллантириш билан шуғулланади.

Шунингдек, товар бозорларидаги нархлар, талаб ва таклифларнинг ўзгариши динамикасини таҳлил қилиш, тармоқ бозорлар конъюнктурасини республика ва ҳудудлар кесимида комплекс ўрганиш, уларнинг мувозанатли ривожланиши тўғрисида таклифлар тайёрлаш ҳам янги ташкил этилаётган марказ фаолиятининг асосий вазифадир.



Муҳайё Тошқораева, ЎзА
1 874