ЎзА Ўзбек

09.01.2019 19:12 Чоп этиш версияси

2018 йилда Ўзбекистонга 5 миллион сайёҳ келган. Буни ошириш имконияти мавжудми?

2018 йилда Ўзбекистонга 5 миллион сайёҳ келган. Буни ошириш имконияти мавжудми? Туризм ривожига тўсқинлик қиладиган асосий сабаблардан бири – виза тартибидир. Эътиборлиси, ана шу масала мамлакатимизда кейинги 2 йил давомида изчил ҳал этиб борилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида“ги фармонига мувофиқ, ўтган йили Индонезия, Малайзия, Сингапур, Туркия, Жанубий Корея, Япония ва Исроил давлатлари фуқаролари учун визасиз режим ва 39 мамлакатдан келадиган сайёҳларга соддалаштирилган виза тартиби жорий қилинди. Визасиз кирувчи хорижликлар сафига 2018 йилнинг март ойидан тожикистонликлар, октябрь ойидан францияликлар ҳам қўшилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги фармони асосида яна 45 та давлат фуқаролари учун 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилди. Бундан ташқари, 70 дан зиёд мамлакат фуқароларига электрон виза олиш имконияти яратилди.

Агар янги рўйхатга эътибор қилинса, юртимизга визасиз кириш имтиёзи бўйича Европа минтақасининг деярли барча мамлакатлари қамраб олинганини кўриш мумкин. Мазкур минтақа дунё туризм бозорида нафақат қулай манзил сифатида, балки салоҳиятли сайёҳлари билан ҳам етакчи эканини ҳисобга олсак, виза бўйича яратилган қулайлик ва имтиёзлар самарасида яқин келажакда Ўзбекистонга Европадан келувчи сайёҳлар оқими янада фаоллашиши аниқ. Шу билан бирга, минтақада фаолият олиб борувчи, йилига миллионлаб сайёҳларни юртимизга жалб этиш имкониятига эга йирик туристик компанияларнинг Ўзбекистон туризм бозорига қизиқишини ҳам оширади.

Статистикага кўра, 2018 йилда Ўзбекистонга 5 миллионга яқин сайёҳ келган. Бу аввалги йилларга қараганда кўп. Демак, ўсиш катта, эндиликда берилган имтиёзлар ҳисобига сайёҳлар сони янада ортади. Бу бир томондан соҳа ривожланаётгани далолати бўлса, иккинчи томондан, шунга яраша тайёргарликни, соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этишни тақозо этмоқда.

Аввал муаммоларга тўхталсак. Улардан баъзилари ўтган йилнинг ўзидаёқ кўзга ташланди. 2018 йилда юртимизга келувчи меҳмонлар сони кескин ошиши ва бу асосан режалаштирилмаган сайёҳлар оқими ҳиссасига тўғри келгани мавсум пайтида асосий сайёҳлик масканлари – Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида меҳмонхоналар танқислиги, темир йўл чипталари етишмаслиги кабиларни келтириб чиқарди.

Аммо, Фарғона водийси, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари, Қорақалпоғистондаги масканларга сайёҳлар оқими сийрак бўлди. Яъни, ушбу ҳудудлар бўйича сайёҳларда маълумот камлиги, ташвиқот-реклама ишлари етарлича йўлга қўйилмагани сезилиб қолди. Иккинчидан, мамлакатимиздаги сайёҳлик компаниялари маршрутларида чекка ҳудудлардаги манзиллар кам ўрин олган.

Шу каби муаммолар, туризм инфратузилмаларидаги шароит, сайёҳлик компаниялари имкониятлари изчил таҳлил этилиб, нафақат 2019 йил, балки келгуси йилларга мўлжалланган катта ишлар бошланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида 2019-2025йилларда Туризмни ривожлантириш концепцияси ва чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. 2019-2020йилларда туризм инфратузилмаси модернизация қилинади.

Кейинги йилларда туризм бозори субъектлари ва соҳага мутасадди ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги кучаймоқда. Буни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Кенгашга юртимиздаги етакчи сайёҳлик компаниялари, агентликлар, фирмалар вакиллари аъзо бўлиб, улар соҳада учраётган муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар бериб келмоқда.

Юртимизда 7,4 минг маданий мерос объекти мавжуд. Улардан 209 таси, жумладан, 4 та шаҳар музей ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Хорижлик сайёҳлар бу масканларни кўришга доим интилган. Мисол учун, ўтган йили Самарқанднинг Регистон майдонига бир кунда ўртача 5 минг нафар сайёҳ ташриф буюрган.

Мазкур мажмуа бир соатда 500 одамни қабул қилиши мумкин, 5 мингта сайёҳни киритиш эса 10 соат вақтни олади. Бу сайёҳ учун ҳам, саёҳатни ташкил этувчи субъектлар учун ҳам қийинчилик туғдиради. Боиси, битта сайёҳлик йўналиши учун ўрта ҳисобда олти соат вақт кетади, ҳар бир тарихий масканни айланиб чиқиш учун ярим соат вақт ажратилади. Шундан келиб чиқиб, жамоатчилик кенгаши аъзолари тарихий масканларда турникетлар ўрнатиш, кириш чипталарини онлайн буюртма қилишни йўлга қўйиш таклифини киритди.

Туризм соҳасида бошланган янгиликлар юртимизнинг барча ҳудудларида жаҳон талабларига мос туризм инфратузилмасини шакллантириш, сайёҳлик йўналишларидаги йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари, хизмат кўрсатиш объектларини халқаро мезонларга мувофиқлаштиришни назарда тутади. Бу ишларнинг сифатли амалга оширилиши Ўзбекистон яқин келажакда сайёҳлар қадами узилмайдиган мамлакатга айланишида катта туртки бўлади.

Саидаҳмад Рауфбоев,

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси,

“Ясминатур” сайёҳлик фирмаси раҳбари.



ЎзА
7 207