ЎзА Ўзбек

05.01.2018 09:09 Чоп этиш версияси

2018 йилда Фарғонада нечта тадбиркорлик лойиҳаси амалга оширилади?

2018 йилда Фарғонада нечта тадбиркорлик  лойиҳаси амалга оширилади?
Фарғона вилоятида ўтган йилда мақсадли дастурлар доирасида 2 минг 34 та лойиҳа амалга оширилиб, 21 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Мамлакатимизда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва юрт ободлигига хизмат қилмоқда. 2017 йилда вилоятда биргина саноат йўналишида 649 истиқболли лойиҳа ишга туширилди. Тадбиркорлик субъектларига молиявий кўмак бериш мақсадида 1 триллион 133 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди.

Фарғона туманидаги “Миндонобод агросаноат” агрофирмасида узумни қайта ишлаш, Қўқон шаҳридаги “Авилон Коканд” масъулияти чекланган жамиятида трикотаж матоларни бўяш цехини кенгайтириш, Бешариқ туманидаги “Бешариқ парранда” масъулияти чекланган жамиятида парранда гўшти маҳсулотларини қайта ишлаш тармоқлари ишга туширилди.

Вилоятда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, хорижий корхоналарни ишга тушириш борасида ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йилда хорижий инвестициялар иштирокидаги 42 корхона иш бошлади. 

Бир йил давомида вилоятга жалб этилган тўғридан-тўғри инвестициялар 21,6 миллион долларни ташкил этди. Бугунги кунда вилоятда Хитой билан 42, Россия билан 39, Туркия билан 12, Корея билан 11, Қирғизистон билан 7, Қозоғистон билан 8 хорижий сармоялар иштирокидаги корхона фаолият кўрсатмоқда.

Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида вилоятда барча соҳаларда манзилли дастурлар ишлаб чиқилган. Тадбиркорликни, умуман олганда, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича 4 триллион 158 миллиард сўм ҳажмига эга бўлган 881 та лойиҳа амалга оширилади. 

45 та қўшма корхона ташкил этилади.

М.Сулаймонов, ЎзА
19 944