ЎзА Ўзбек

09.01.2019 18:59 Чоп этиш версияси

2018 йилда Фарғона вилоятига 152,7 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб этилди

Жорий йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан Фарғона вилоятида 105 миллион долларлик 13 та лойиҳани амалга ошириш, мавжуд имкониятлар асосида уларнинг салмоғини кўпайтириш, кўплаб давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз раислигида 2019 йил 8 январь куни бўлиб ўтган жорий йилги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига ҳудудий лойиҳаларни амалга ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур йўналишда вазифалар белгиланиб, ҳокимларга, тегишли вазирликларга аниқ топшириқлар берилди.

Мамлакатимизда кейинги икки йилда қулай бизнес муҳити, хорижлик инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатлар ҳамда имтиёзларнинг аниқ тизими яратилгани инвестициявий фаолликни ошириш, иқтисодиётга тўғридан-тўғри сармоялар оқимини сезиларли даражада кўпайтириш имконини берди. Хусусан, Фарғона вилоятида ҳам кўплаб давлатлар билан ташқи иқтисодий алоқалар мустаҳкамланиб, ҳамкорликнинг янги истиқболлари аниқланмоқда. Сиёсий, сармоявий, маданий, туризм ва бошқа соҳалардаги дўстона алоқаларни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кенгаймоқда.

– Вилоят иқтисодиётига 2018 йилда 152,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари жалб этилди, – дейди вилоят инвестиция бошқармаси бошлиғи Дониёржон Ғаниев. – Бу эса, 2017 йилда ўзлаштирилган инвестицияларга нисбатан 3,2 баробар кўпдир. Мамлакатимизнинг хориждаги элчилари вилоятларга бириктирилгани ҳудудларга чет эл инвестициясини жалб этиш ва хорижий дипломатик корпус вакиллари билан ўзаро музокараларни юқори савияда ўтказишни таъминламоқда. Бу борада Фарғона вилоятига мамлакатимизнинг Жанубий Корея, Латвия, Ўмон давлатларидаги Фавқулодда ва мухтор элчилари бириктирилган бўлиб, уларнинг вилоятга хорижий инвестиция жалб этишдаги хизматлари катта бўлмоқда.

Ўтган йили вилоят иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига инвестициялар киритиш ҳажмини кенгайтириш, хорижий капитал иштирокидаги корхоналарни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, Фарғона вилояти билан хорижий давлатлар ўртасида ҳар томонлама кенг ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича 20 дан ортиқ ташрифлар амалга оширилди.

Вилоят иқтисодиётини ривожлантиришда устувор аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш, юқори технологиялар, инновациялар, дастурлаш, электротехника, соғлиқни сақлаш, архитектура ва қурилиш, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги илғор тажрибаларни ўзлаштириш, қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Хитой Халқ Республикаси билан ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда.

2018 йил 12-14 июль кунлари Фарғона вилояти делегациясининг Хитой Халқ Республикасига ташрифи давомида қиймати 407,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги меморандум имзоланди. Мазкур ҳамкорлик битимларида қурилиш моллари ишлаб чиқариш, автомобиль саноати учун зарур бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, кимё ва нефть маҳсулотларини иккиламчи қайта ишлаш орқали сульфат, полимер ва углерод ишлаб чиқариш, чинни буюмлар ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Айни пайтга қадар мазкур келишувлар асосида бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Хитойнинг “The Urumqi Silk Road Power Trading” компаниясининг 3,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция маблағи ўзлаштирилиши эвазига автомобиллар учун газ баллони ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш ҳамда “Zibo Herui China” компаниясининг 2,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция маблағларини ўзлаштириш эвазига кафел ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилди.

Вилоят ҳокими бошчилигидаги делегациянинг 2018 йил 23-26 июль кунлари Корея Республикасига хизмат сафари натижасида Фарғона вилояти ва “Инчеон” эркин иқтисодий зонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунингдек, Почеон, Хвасон ва Гванжу шаҳарлари Савдо-саноат палатаси раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар иқтисодий, ижтимоий, маданият ва тадбиркор
лик соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзолади. Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси кўмагида 222,5 миллион АҚШ доллари қийматида 8 та қўшма инвестицион лойиҳани амалга ошириш бўйича бошланғич келишувларга эришилди. Хорижий ҳамкорлар билан олиб борилган музокаралар натижасида бугунги кунда умумий қиймати 160 миллион долларга тенг лойиҳалар юзасидан ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Жанубий Кореянинг илғор компаниялари билан ҳамкорликда Фарғона шаҳридаги “Винкемикал” қўшма корхонасида қиймати 2 миллион доллар бўлган, қурилиш материаллари саноатида Ўрта Осиёда ягона термо изоляцион обойлар ишлаб чиқариш ҳамда “Листем Фергана” қўшма корхонасида рентген аппаратлари ишлаб чиқариш бўйича қиймати 8 миллион долларлик ноёб лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Фарғона вилояти делегацияси 2018 йил февраль ва сентябрь ойларида Латвия Республикасига ташриф буюрди. Фарғона шаҳрида Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби филиали ташкил этилди. Бундан ташқари, Латвия Республикасининг “Mottra“ Ltd. компанияси ва “Фарғонабалиқсаноат“ МЧЖ ўртасидаги қўшма лойиҳа доирасида қиймати 5,75 миллион доллар бўлган янги балиқ турларини интенсив усулда етиштириш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш лойиҳаси бўйича сўнгги музокаралар олиб борилмоқда.

Ўмон капитали иштирокида қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича олиб борилган самарали музокаралар натижасида Ўмон Султонлигининг “Al-Hosn Investment Company” компаниясига Қувасой шаҳри ҳудудидан 2 минг гектар ер майдони ажратилган ҳолда, қиймати 50 миллион АҚШ доллари бўлган озуқа-ем маҳсулотларини етиштириш, қуритиш, саралаш, қадоқлаш ва экспортга йўналтириш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, ушбу мамлакатнинг “Дукм” махсус эркин савдо зонасида Фарғона вилояти учун алоҳида савдо майдончаси ажратилиши ҳамда ҳудудда вилоятда ишлаб чиқарилган экспортбоп ва рақобатбардош қишлоқ хўжалиги, саноат маҳсулотлари савдосини ташкил этиш белгилаб олинди. Шу билан бирга, юртимизда ўз фаолиятини олиб бораётган “Ўз-Ўмон Капитал Инвестмент” жамғармаси иштирокида вилоятда инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, вилоят ҳокимлигининг Ўмон Султонлигига амалга оширилиши режалаштирилаётган ташрифи давомида ушбу давлат пойтахти Маскат шаҳри билан Фарғона вилояти ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш кўзда тутилган.

Албатта, ҳудудларда тўғридан-тўғри инвестициявий лойиҳалар амалга оширилаётгани юртимиз тараққиёти ва фаровонлигига хизмат қилади.



М.Сулаймонов, ЎзА
5 592