2018 йилда энг юқори ўсиш суръатлари қайси соҳаларга тегишли?
2018 йил январь-декабрь ойлари якуни бўйича юртимизда кўрсатилган хизматлар ҳажми 146,8 триллион сўмдан ошди. Бунда 2017 йилга нисбатан ўсиш суръати 108,4 фоизни ташкил этмоқда.
2018 йил январь-декабрь ойлари якуни бўйича юртимизда кўрсатилган хизматлар ҳажми 146,8 триллион сўмдан ошди. Бунда 2017 йилга нисбатан ўсиш суръати 108,4 фоизни ташкил этмоқда.
Кўрсатилган хизматлар ҳажмининг ўсишига таъсир кўрсатган асосий омиллар бу молиявий хизматлар ҳажмининг 25,8 % га (жами кўрсатилган хизматлар ҳажмининг ўсишига қўшган ҳиссаси 3,6 ф.п.), транспорт хизматларининг 3,9 % га (ўсишга қўшган ҳиссаси 1,1 ф.п.), савдо хизматларининг 4,2 % га (ўсишга қўшган ҳиссаси 1,1 ф.п.), алоқа ва ахборотлаштириш хизматларининг 15,6 % га (ўсишга қўшган ҳиссаси 1,0 ф.п.) ўсиши бўлди.
Бунга сабаб эса замонавий жамиятда яшаётган инсонлар ҳар куни хизмат кўрсатиш таъсирида бўлади. Хусусан, уяли алоқа, интернет, савдо-кўнгилочар марказлар, умумовқатланиш, гўзаллик салонлари, консалтинг, тиббий ва ўқув марказлари хизматларидан фойдаланамиз, транспорт воситаларида сафар қиламиз ва юк ташиймиз.
– Турли хилдаги хизматларга бўлган талабнинг ошишини бир қатор омилларнинг таъсири билан изоҳлаш мумкин, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг Хизматлар соҳаси статистикаси бошқармаси бошлиғи Қобил Бердиқулов. Мисол учун, фаровонликнинг ошиши натижасида йиғиштириш, тозалаш, овқат тайёрлаш каби ишларни енгиллаштиришга бўлган истак пайдо бўлиб, қулай хизматлар саноати ривожланади. Ёки даромадларнинг ошиши ва қўшимча бўш вақтнинг пайдо бўлиши дам олиш ва спорт билан шуғулланиш каби қатор хизматларга бўлган талабни оширди. Шахсий копьютерлар, мултимедияли аудио ва видео ускуналари, хавфсизлик тизимларидан фойдаланишнинг ўсиши уларни ўрнатувчи ва техник хизмат кўрсатувчи мутахассисларга бўлган талабни кўпайтиради.
Буни 2018 йилдаги хизматлар соҳасидаги кўрсаткичларда ҳам кузатиш мумкин. Мисол учун, молиявий хизматларнинг ўсиш суръати 125 фоиздан ошган. Буни тижорат банклари ва бошқа молиявий ташкилотлар томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг ҳам сифат ва ҳажм жиҳатдан кенгайиб бораётгани, истиқболли инвестиция лойиҳаларини кредитлаш кўламининг кенгайгани, кредит бериш турларининг кўпайгани ҳамда банклар томонидан инновацион хизматлар кўрсатиш жорий этилаётгани билан изоҳлаш мумкин.
Шунингдек, транспорт ва савдо соҳасидаги хизматлар ҳам нисбатан яхшиланган. Бунга сабаб, аҳолининг даромадлари даражасининг ошиши билан истеъмол талаби ва савдо айланмаси ўсмоқда. Чунки, ҳар инсон ҳеч бўлмаганда кунига бир марта бўлса-да, савдо ва таранспорт хизматидан фойдаланади.
Айни вақтда 21 миллиондан ортиқ аҳоли мобиль хизматидан фойдаланиши ҳисобига, алоқа ва ахборотлаштириш хизматларига бўлган талаб ҳам ортмоқда. Шунга қарамай, 2018 йилда энг юқори ўсиш суръати (128,9 %) меъморчилик, муҳандислик изланишлари, техник синовлар ва таҳлил соҳасида қайд этилди.
Сабаби эса оддий. Ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз, уй-жойлар ва бино иншоотлар қуриш ишлари 2018 йилда ҳам жадал олиб борилди. Қанча-қанча юртдошларимиз ўз уйларига эга бўлди. Бунда эса лойиҳа-қидирув, муҳандислик, меъморчилик ва техник синов каби хизматларнинг ўз ўрни бор.