ЎзА Ўзбек

09.01.2019 20:14 Чоп этиш версияси

2018 йилда қарийб 20 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинган

Фаол инвестиция сиёсати барқарор иқтисодий тараққиётга эришишнинг энг муҳим шартларидан биридир. Шу боис давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2019 йил мамлакатимизда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”, деб эълон қилинди.

2019 йилги Инвестиция дастурига 16,6 миллиард долларлик 3 мингдан зиёд лойиҳа киритилган. Бу 2018 йилга нисбатан 16 фоиз кўпдир. Жумладан, жорий йилги Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 3,2 миллиард доллар бўлган 140 та ишлаб чиқариш қувватини фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йил 8 январь куни жорий йилги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ушбу йирик ва муҳим лойиҳаларни ўз муддатида ва сифатли амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди, зарур вазифалар белгилаб берилди.

Кейинги йилларда мазкур йўналишда Андижон вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2016-2018йилларда инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши ҳисобидан кўплаб янги ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилди, мавжудлари кенгайтирилиб, техник-технологик жиҳатдан қайта жиҳозланди.

Президентимизнинг 2018 йил 19 июлдаги “2018-2019йилларда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ва инфратузилмани амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 2018-2019йилларда умумий қиймати 6,4 триллион сўмлик инвестицияларни жалб этиш ҳисобига 553 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

2018 йилда умумий қиймати 1,8 триллион сўмга тенг бўлган 411 та лойиҳа амалга оширилган. Бунинг натижасида 12 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган. Қарийб 20 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинган. Хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 20,7 миллион доллари миқдорида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятига эга қувватлар фойдаланишга топширилган. Жумладан, 2 миллиард 800 миллион сўм миқдорида инвестиция ўзлаштирилиб, Андижон тумани Хортум қишлоғида Марказий Осиёда ягона бўлган йилига 10 миллион флакон инсулин дори воситаси ишлаб чиқариш қувватига эга завод ишга туширилган.

Айни пайтга қадар юртимизга жарроҳлик қўлқоплари асосан четдан келтирилган. Олтинкўл тумани Жалабек қишлоғида умумий лойиҳа қиймати 17 миллиард сўм бўлган йилига 33 миллион жуфт тиббий қўлқоп ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ишга туширилиши билан мамлакатимизда ушбу воситага бўлган эҳтиёж тўла қондирилади.

Вилоятда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш бўйича инвестиция дастури асосида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2018-2019йилларда умумий қиймати 803 миллион доллар миқдорида инвестициялар киритиш бўйича 44 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Ҳозирга қадар бу борада 631 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича ишлар амалга оширилди.

Андижон туманида “Андижон Силк Ко” МЧЖ томонидан хитойлик инвесторларнинг 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияси ўзлаштирилиб, пиллани қайта ишлаш корхонаси ташкил этилди. Айни пайтда Булоқбоши туманида “KORBONAT XAUS” МЧЖ томонидан 4 миллион долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилиши ҳисобидан замонавий технология асосида экспортбоп оҳак ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Избоскан туманида “Дигитал прайм текстиль” комплексини ташкил этиш учун 14,6 миллион, Булоқбоши туманидаги “UNG WOOLIM VALVE“ МЧЖ томонидан маиший газ ва автомобиллар учун метан газ баллони воситаларини ишлаб чиқариш учун 817 минг доллар миқдорида хорижий инвестицияларни ўзлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Хитойлик инвесторлар билан ташкил этилган “Bobur M And F“ МЧЖ шаклидаги хорижий корхона томонидан трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 10 миллион, шунингдек, Беларусь давлатининг “Блюминг“ МЧЖ томонидан умумий қиймати 3 миллион долларга тенг минитракторлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Умуман, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, айниқса, хорижий инвесторларни жалб этишга қаратилган зарур ишлар вилоят, пировардида мамлакатимиз иқтисодиёти, халқимиз турмуши фаровонлиги юксалишига хизмат қилади.



Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
5 587