ЎзА Ўзбек

02.03.2018 10:49 Чоп этиш версияси

2018 йил учун пахта хом ашёси ва бошоқли экинлар учун давлат нархи белгиланди

Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда пайшанба куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Телеграмдаги “Ҳуқуқий ахборот” каналида хабар қилинди.

Қарор билан 2018 йил учун пахта хом ашёси ва бошоқли экинлар учун давлат нархи белгилаб берилди. Масалан, 1 тонна 1 тоифали узун толали пахта учун 5 717 240 сўм, 1 тоифали буғдойнинг 1 тоннаси учун 1 230 570 сўм нарх кафолатланди.

2018 йил 1 мартдан бошлаб минерал ўғитлар фақатгина биржа савдолари орқали реализация қилинади. Фермер хўжаликлари учун дизель ёнилғиси 4600 сўм этиб белгиланди. Йил давомида бу нарх ўзгармайди.

Эндиликда, пахта хом ашёси ва бошоқли экинлар етиштириш учун ҳокимлар томонидан тасдиқланган агротехник тадбирлар (карта) асосида ойма-ой то ҳосил етишмагунча кутилаётган ҳосилнинг 60 фоизигача тижорат банклари томонидан очиладиган кредит линияси орқали аванс берилади.

Ажратилган маблағдан мақсадли фойдаланиш махсус ишчи гуруҳ томонидан кузатиб борилади. Кутилаётган ҳосилга ишончсизлик бўлса, тегишли далолатнома асосида пул бериш тўхтатилади.

“Давергеодезкадастр” қўмитасига 2018 йил 1 октябрга қадар суғориладиган ерларни ялпи хатловдан ўтказиш, хатлов натижаларига кўра ер балл бонитети базасини янгилаш вазифаси юклатилди.

Пахта ва бошоқли экинлар етиштириш билан шуғулланувчи фермерлар ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний фаолиятига аралашиш, улардаги ресурс, техника ва воситаларни бошқа ишларга жалб қилиш тақиқланиб, бунинг учун тегишли мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка қадар бўлган жавобгарликка тортилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни ўз вақтида молиялаштириш бўйича талабларга сўзсиз риоя қилинишини, уларга минерал ўғитлар ва ёқилғи-мойлаш материалларининг зарур ҳажмлари етказиб берилишини таъминлаш, шунингдек, уларга нархлар спекулятив тарзда ўсиб кетишига йўл қўймаслик учун Бош прокурор О.Б.Муродов, Бош вазирнинг ўринбосарлари З.Т.Мирзаев, Ж.А.Қўчқоров, А.С.Султанов, Н.С.Отажонов, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси М.М.Икрамовга шахсий масъулият белгиланди.

ЎзА
26 700