Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.06.2018 14:46 Чоп этиш версияси

2,5 миллиард сўм кредит

2,5 миллиард сўм кредит
Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, жорий йилда мамлакатимизда 15 минг гектарда томчилатиб, 12 минг гектарда эгатга плёнка тўшаб, 36 350 гектарда кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш усуллари жорий этилади.

Бу борада қабул қилинган давлат дастурида келтирилишича, томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган фермер хўжаликлари ва бошқа ер эгаларига Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Жамғармасининг кредит линиялари ҳисобидан 2,5 миллиард сўм маблағ ажратилади. Мазкур маблағлар тижорат банклари орқали йиллик 6 фоизлик имтиёзли кредит сифатида тақдим этилиши белгиланган.

Мутахассисларнинг фикрича, томчилатиб суғориш технологияси сув ресурсларини тежаш, сув танқислигининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Бундай технология қўлланганда, меҳнат сарфи, ўғит ва сув харажати сезиларли даражада камайиб, ҳосилдорлик ошади. Томчилатиб суғориш усулида сувнинг бир меъёрда тақсимланиши натижасида ўсимлик сувга қонади, илдиз атрофидаги тупроқнинг намланиб туриши таъминланади. 

– Томчилатиб суғориш усули ўзининг юқори самарадорлиги, яъни сув ресурслари чекланганлик шароитида кам сув сарфлаб барқарор юқори ҳосил олиш имконини бериши билан ажралиб туради, – дейди Сувдан фойдаланиш ва сув тежаш технологияларини жорий қилиш бошқармаси бошлиғи Ш.Қўчқоров.– Бу усулда ўсимлик ўзига зарур бўлган вақтда сув ва озиқ моддаларни олади. Бу ҳолда ўсимлик ўз энергиясини тўлалигича ўсиб-ривожланиш ва ҳосилини кўпайтиришга йўналтиради. Натижада ҳосилдорлик боғ ва токзорларда 40, пахта ва сабзавот пайкалларида 60 фоизгача ортади.

Энг муҳими, томчилатиб суғоришда сув ўсимликка шланглар воситасида етказиб берилганлиги учун дала тупроғи қотмайди, бундай майдон эса мавсум охирида сифатли ва осон ҳайдалади. Ўғит сув билан бирга берилганлиги боис, ўғитлаш учун техника ишлатишнинг зарурияти йўқолади. Натижада меҳнат ва ёнилғи-мойлаш материаллари тежалади. Далада сувчиларнинг қўл меҳнати кескин камаяди.

ЎзА
12 790