ЎзА Ўзбек

24.09.2018 Чоп этиш версияси

16 минг 400 дона газ баллони ажратилди

16 минг 400 дона газ баллони ажратилди

Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисини суюлтирилган газ билан таъминлашни яхшилаш мақсадида 2018 йилда 16 минг 400 дона газ баллони ажратилиши белгиланган.

Бугунги кунга қадар баллонларнинг 7 минг 900 таси келтирилган, 8 минг 500 донаси жадвал асосида йил охирига қадар етказилиши кўзда тутилган.

“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти “Қарақалпақстангаз” филиалига қарашли газ тўлдириш станцияси ва газ тўлдириш пунктларининг кунлик газ тўлдириш қувватини ошириш учун бугунги кунда жами 20 замонавий электрон тарози – колонкалар сотиб олиниб, Нукус газ тўлдириш станцияси, Амударё, Беруний газ тўлдириш пунктларига ўрнатилди.

– Корхонамиз томонидан ҳудуддаги иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий объектларнинг 2018-2019 йилги куз-қиш мавсумида узлуксиз ишлашини таъминлаш борасида тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди “Қарақалпақстангаз” филиали бошлиғи Х.Айманов. – Шу кунга қадар 1,2 километрлик газ тармоғи тўлиқ таъмирдан чиқарилди, 12,6 километрлик газ тармоғи реконструкция қилинди. 4 минг 466 газ тақсимлаш ускунаси текширувдан ўтказилиб, 548,3 километрлик газ тармоғида ҳаво босими остида синов ва тозалаш ишлари олиб борилди.

“Қарақалпақстангаз” филиалига қарашли барча газ участкаларида газ тармоқлари ва ускуналарини 2018-2019 йилги куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларини ўз вақтида якунлаш, истеъмолчиларни табиий ҳамда суюлтирилган газ билан доимий таъминлаш ишлари давом этмоқда.

5 100
Есимхон Қаноатов, ЎзА​​